Радиациявий хавфсизликни таъминлашга қаратилган қонун қабул қилинади
Радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, уларни йиғиш, ташиш, қайта ишлаш, сақлаш ва кўмиш жараёнларида хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш, аҳоли ҳаёти ва соғлиғи ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муҳим аҳамият касб этади.
“Радиоактив чиқиндилар тўғрисида”ги қонун шу мақсадда ишлаб чиқилган бўлиб, унда радиоактив чиқиндиларни таснифлаш, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий тамойиллари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазасининг устуворлиги, шунингдек, чиқинди ҳосил қилувчиларнинг жавобгарлиги белгиланмоқда.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида мазкур қонун дастлабки тарзда муҳокама қилиниб, радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ фаолият давлат томонидан ҳисобга олиниши ва назорат қилиниши қайд этилди.
Ушбу соҳада лицензиялаш тартиби жорий этилиши назарда тутилмоқда. Фаолият иштирокчиларининг ваколатлари ва мажбуриятлари, қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, қонуннинг қабул қилиниши радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, радиациявий хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни радиоактив чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА