Тараққиётнинг янги таянчи — илм ва инновация
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов академиклар билан учрашди: Фанлар академияси ва вилоят ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бугун дунёда тараққиёт суръати табиий бойликлар ёки ишчи кучи билан эмас, аввало, илм, инновация ва инсон капитали билан белгиланмоқда. Қайси ҳудуд ўз илмий салоҳиятини ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ва ижтимоий тараққиёт билан уйғунлаштира олса, ўша жой келажак иқтисодиётининг етакчи марказига айланади.
Шу маънода Бухорода илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам ташланди.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари билан учрашиб, ҳудуднинг илмий салоҳиятини юксалтириш, илмий ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш, мавжуд муаммоларга замонавий илмий ечимлар топиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Энг муҳими, учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бу ҳужжатни оддий келишув сифатида эмас, Бухоронинг илмий салоҳиятини ҳудуд тараққиётининг амалий кучига айлантиришга қаратилган янги стратегик қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Бугун мамлакатимизда илм-фан ва инновацияга бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илм-фанни мамлакат тараққиётининг муҳим драйверига айлантириш, олимларни қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотларни амалиёт билан боғлаш ва инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз таъкидлаб келаётганидек, бугун илм-фан фақат илмий муассасалар девори ичида қолиб кетмаслиги, балки реал ҳаётдаги муаммоларга ечим берадиган, иқтисодий ўсишни таъминлайдиган ва инсонлар фаровонлигини оширадиган кучга айланиши керак.
Айнан шу ёндашув Бухорода ҳам изчил амалга оширилмоқда.
Вилоят раҳбари учрашув аввалида бугунги мулоқот Бухоронинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, илмий салоҳиятини юксалтириш ва янги имкониятларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам эканини таъкидлади:
— Бугун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан илм-фанни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бош локомотивига айлантириш бўйича қўйилаётган стратегик вазифалар фонида сиз азизларни Бухорога таклиф этишимиздан асосий мақсад — самимий мулоқот қилиш баробарида, вилоятимиздаги реал муаммо ва имкониятларга илм-фаннинг энг илғор ютуқлари асосида аниқ ва амалий ечимлар таклиф қилишдир.
Бу фикрнинг ўзиёқ учрашувнинг моҳиятини яққол ифода этади: илм — мақсад эмас, тараққиётга хизмат қиладиган куч бўлиши лозим.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Ш. Аюпов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов, Тошкент давлат техника университети ректори С. Туробжонов, академик Қодир Ғуломов ва бошқа олимлар иштирок этди.
Улар Бухоронинг мавжуд иқтисодий, илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқариш жараёнлари билан уйғунлаштириш юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдиришди.
Зеро, Бухоро — нафақат бой тарих ва маданиятга, балки катта иқтисодий ва табиий салоҳиятга эга ҳудуд.
Вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, замонавий технологияларни жорий этиш каби йўналишларда кенг имкониятлар мавжуд. Энди асосий вазифа — ушбу имкониятларни илм билан бойитиш.
Бугунги замонавий иқтисодиётда энг катта қиймат — янги ғоя. Аммо ғоя қоғозда қолса, унинг қиймати чекланади.. У ишлаб чиқаришга кириб борганида, янги маҳсулот, янги технология, янги иш ўрни ва янги иқтисодий қиймат яратганидагина ҳақиқий натижага айланади. Бухорода ўтказилган мулоқотнинг энг муҳим жиҳати ҳам ана шунда.

Олимлар томонидан яратилган илмий ишланмаларни корхоналар эҳтиёжи билан боғлаш, ҳудуддаги аниқ муаммоларга илмий асосланган ечимлар топиш, тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу эса келгусида Бухорода “олим — технология — ишлаб чиқариш — бозор” занжирининг янада мустаҳкам шаклланишига хизмат қилиши мумкин.
Илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш бир вақтнинг ўзида бир нечта натижани таъминлайди. Аввало, ишлаб чиқариш самарадорлиги ортади. Маҳсулот таннархи пасаяди, рақобатбардошлик кучаяди. Иккинчидан, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятлари кенгаяди. Бу эса қўшимча қиймат яратиб, ҳудуд иқтисодиётига янги суръат бағишлайди. Учинчидан, янги технологияларга асосланган корхоналар пайдо бўлиб, юқори малакали мутахассислар учун янги иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, Бухоро иқтисодиётида билим ва технологияга асосланган янги ўсиш нуқталари шаклланади.
Учрашув якунида имзоланган ҳамкорлик меморандуми ана шу эзгу мақсадларни тизимли ва самарали амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳужжат доирасида Бухоронинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун устувор бўлган йўналишларда илмий-тадқиқот ишларини амалий лойиҳалар билан уйғунлаштириш, олимлар ва соҳа мутахассислари ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш, истиқболли инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш имкониятлари кенгаяди. Бу жараёнда Фанлар академиясининг илмий салоҳияти ва Бухоронинг иқтисодий имкониятлари бир нуқтада бирлашади. Яъни илм лабораториядан чиқиб, ишлаб чиқариш цехига; илмий ғоя инновацион маҳсулотга; тадқиқот эса иқтисодий натижага айланиши учун янги механизм яратилмоқда.
Бугун Бухорода имзоланган меморандумнинг аҳамиятини фақат битта ҳужжат ёки битта учрашув доирасида баҳолаб бўлмайди. Чунки замонавий дунёда энг кучли ресурс — ер ости бойликлари эмас, инсон тафаккури. Энг қиммат инвестиция эса бинолар ёки ускуналарга эмас, билим, илм-фан ва инновацияга киритилган сармоядир. Бухорода бугун ана шу қараш амалиётга айланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири