Ҳар бир сўм натижа берсин
Давлат маблағи — халқ маблағи. Шунинг учун унинг ҳар бир сўми қаерга йўналтирилаётгани, қандай мақсадга хизмат қилаётгани ва қандай самара бераётгани доимо эътибор марказида бўлиши керак. Айниқса, улкан маблағ ва ресурслар ҳаракати билан боғлиқ сув хўжалиги тизимида молиявий интизом, тежамкорлик ва шаффофлик масаласи бугун ҳар қачонгидан долзарб.
Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси биносида ўтказилган семинарда айнан шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Унда Сув хўжалиги вазирлиги Ички аудит бошқармаси бошлиғи Зоҳид Абдурасулов, вазирлик бош мутахассислари Абдурашид Нурматов ва Аброр Аҳроров, шунингдек, Сув хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда билдирилган фикрлар бир ҳақиқатни яна бир бор кўрсатди: маблағни ажратишнинг ўзи кифоя эмас, унинг ҳар бир сўми натижага айланиши лозим. Бу эса ички аудитга янгича ёндашувни тақозо этади. Яъни аудит фақат содир бўлган камчиликни қайд этиш билан чекланмасдан, уни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаши, молиявий хавфларни олдиндан кўра билиши ва уларнинг такрорланишига йўл қўймайдиган механизмларни ишга тушириши зарур.
Семинарда ички аудит тадбирлари ва мониторинг жараёнида аниқланаётган қатор тизимли муаммоларга эътибор қаратилди. Хусусан, насос станцияларида электр энергияси ва ёқилғи-мойлаш материалларидан меъёридан ортиқ фойдаланиш, ҳисоб-китоб ва мониторинг ишларининг етарлича йўлга қўйилмагани, давлат харидларида бозор нархларини чуқур ўрганмаслик, таъмирлаш ва қурилиш-монтаж ишларида бажарилган иш ҳажмларининг амалдагидан ортиқча кўрсатилиши каби ҳолатлар муҳокама қилинди.

Молиявий интизомнинг мезони фақат йирик харажатларда эмас. Меҳнатга ҳақ тўлаш, штат бирликларидан оқилона фойдаланиш, асоссиз мукофотлашга йўл қўймаслик, бухгалтерия ҳисобини тўғри юритиш ва молиявий ҳужжатларни қонунчилик талабларига мувофиқ расмийлаштириш ҳам маблағдан самарали фойдаланишнинг муҳим шартларидир.
Бу вазифалар давлат аудитини такомиллаштириш бўйича белгиланган янги мақсадлар билан ҳамоҳанг. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6-июлдаги “Давлат аудити фаолиятида сунъий интеллект ва рақамлаштиришни янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида бюджет тизимидаги хавфларни барвақт аниқлаш, назорат жараёнларига замонавий технологияларни кенг жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 — 2030 йилларда бюджет тизими бюджетларидаги хавфларни барвақт аниқлаш самарадорлигини 50 фоизгача етказиш, сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали бюджет интизоми бузилиши ҳолатини аниқлаш самарадорлигини 1,4 бараварга ошириш, сунъий интеллектга асосланган хавф таҳлили механизмларини 30 тага етказиш ҳамда 50 та сервис ва модул яратиш кўзда тутилган.

Гап шундаки, рақамли назорат имкониятлари маблағ ҳаракатини шунчаки кузатиб бориш эмас, балки эҳтимолий хатарни олдиндан кўриш имконини беради. Шу боис семинарда ASKUЕ ва бошқа электрон тизимлар орқали электр энергияси сарфини мунтазам мониторинг қилиш, махсус техника ва автотранспорт воситаларидан фойдаланишни GPS назорати асосида ташкил этиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш ҳамда молиявий операцияларни масофавий таҳлил қилиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Бундай ёндашувнинг моҳияти оддий: хато содир бўлганидан кейин уни излашдан кўра, хатога олиб келиши мумкин бўлган хавфни олдиндан аниқлаш самаралироқ. Шу маънода хавф-хатарларни бошқариш — молиявий қоидабузарлик юзага келиш эҳтимоли юқори бўлган ташкилотларни аниқлаб, аудит тадбирларини шу хавф даражасидан келиб чиқиб ташкил этиш — ички аудитнинг таъсирчанлигини оширади.
Семинарда ҳам айнан шу ёндашув асосида сув хўжалиги тизимида мавжуд ҳолат таҳлил қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Тизим ташкилотлари раҳбарлари ва бош ҳисобчиларига бюджет маблағларидан фойдаланишда қонунийлик, тежамкорлик, самарадорлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий риоя қилиш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда ички назоратни кучайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Зеро, сув хўжалигида ҳар бир тежалган маблағ — қўшимча имконият, ҳар бир бартараф этилган хато — келгуси йўқотишнинг олди олингани, ҳар бир ўз вақтида аниқланган хавф эса самарасиз харажатга йўл қўйилмаганини англатади.
Бугун ички аудит олдида турган асосий вазифа ҳам шу — камчиликни санаб чиқиш эмас, унинг илдизига етиб бориш. Назоратни кучайтириш, рақамли имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва ҳар бир маблағ ҳаракатини аниқ мезонлар асосида баҳолаш орқали бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишига йўл қўймаслик. Ана шунда молиявий интизом қоғоздаги талаб эмас, сув хўжалиги тизимининг кундалик иш услубига айланади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири