Дунёга янгича нигоҳ билан боқаётган юрт фарзандлари
Ота-онанинг фарзанд олдидаги муҳим вазифаларидан бири унинг таълим олиши, билим ва касб эгаллаши учун зарур шароитларни яратиб беришдир. Вояга етгач эса фарзандни қобилияти, қизиқиши ва интилишларига мос соҳага йўналтириш унинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, эл-юрт корига ярайдиган инсон бўлиб камолга етишида муҳим таянч бўлади.
Ўқиш даврида ўз билими ва салоҳияти билан хорижий олий таълим муассасаларида таҳсилни давом эттириш имкониятига эга бўлиш, албатта, осон эмас. Ота-она бағридан йироқда, мусофирчиликда таълим олиш ёш инсондан катта масъулият ва матонат талаб этади. Айни пайтда, бу йўл шарафли ва улкан имкониятларга ҳам бой.
Швейцария ва Германия каби давлатлар ўзининг юксак тараққиёти, қатъий интизоми ва ҳар бир соҳадаги илғор тажрибаси билан ажралиб туради. Ана шундай мамлакатларда таълим олиб, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ёшларнинг ўзи билан бирга унинг ота-онаси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Бугун ёшларимиз учун яратилаётган имкониятлар фақат хорижни кўриш ёки янги манзилларга бориш билан чекланмайди. Бундай сафарлар ёш инсоннинг дунёқараши, қизиқишлари ва келажак ҳақидаги тасаввурини кенгайтиради, уни янги мақсадлар сари ундайди. Бу эса ёшларнинг мустақил фикрлайдиган, билимга интилувчан ва ҳаётда ўз ўрнини топа оладиган инсонлар бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи ўқувчилари сафида фарзандимнинг ҳам борлиги менга алоҳида қувонч бағишлади. Доимо ёнимда бўлгани учун ундан узоқда ўтган кунлар мен учун осон кечмади. Оналик хавотири ва соғинчи мени тинч қўймади. Бугунги техника асрида турли воситалар орқали мулоқот қилиш имконияти мавжуд бўлса-да, фарзандга бўлган меҳр ва соғинчни ҳеч нарса тўлиқ боса олмайди. Телефон орқали суҳбатлар, онлайн мулоқотлар эса бироз бўлса-да, кўнглимга таскин берди.
Фарзандимнинг тенгдошлари билан бирга халқаро ўқув дастурида иштирок этгани, янги мамлакатларни кўриб, дунёқарашини кенгайтиргани мени қувонтирди. Зеро, бундай сафарлар ёшлар учун нафақат таълим, балки мустақиллик, масъулият ва ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараш мактаби ҳамдир.
Ўқувчилар учун ташкил этилган халқаро ўқув дастурининг илк манзили Швейцариянинг Женева шаҳри бўлибди. Бу ерда ўқувчилар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европадаги қароргоҳи фаолияти билан танишиб, халқаро дипломатия, кўп томонлама музокаралар, тинчлик ва хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари каби йўналишлар ҳақида бевосита мутахассислардан маълумот олди.

Бундай маълумотларни дарсликдан ўқиш билан унинг амалий муҳитини кўриш ўртасида, албатта, катта фарқ бор. Ўқувчи халқаро ташкилотлар фаолияти ҳақида нафақат эшитади, балки ўша ташкилотлар иш олиб борадиган муҳитни кўради, мутахассисларга савол беради, ўзини қизиқтирган масалалар бўйича фикр юритади.
Женевадаги яна бир манзил – Жаҳон савдо ташкилоти қароргоҳи бўлган. Ўқувчилар ташкилотнинг халқаро савдо тизимидаги ўрни, вазифалари ва фаолият йўналишлари билан танишган. Кейин Женева университетида бўлиб, таълим жараёни, халқаро дастурлар, илмий-тадқиқот фаолияти ва хорижлик талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот олишган.

Швейцариянинг табиати, тозалиги ва осойишталиги ҳам ёшларда алоҳида таассурот қолдирган чоғи ўғлим эҳтирос билан сўзлаб берди.
– Швейцария ҳақиқатдан ҳам жуда гўзал ва тоза мамлакат экан. Табиатининг ўзи кишини мафтун этади. Бу ерга келаётган туристларнинг маданияти, атроф-муҳитга муносабати ҳам менда катта таассурот қолдирди. Таълим соҳасида ҳам ўзига хос ёндашув ва аниқ йўналиш бор экан. Энг муҳими, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни ҳис қилар экансиз, – дейди сафардан олам-олам таассуротлар билан қайтгач.

Унинг бу гапларида оддий сайёҳнинг таассуротидан кўра кўпроқ нарса борлигини ҳис қилдим. У мамлакатни фақат табиати ёки шаҳарлари билан эмас, унинг таълим муҳити, одамларнинг маданияти, туризмга муносабати ва ҳаёт тарзи билан бирга қабул қила бошлаган эди.

Женевадаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасига ташриф, Альп тоғлари, шаҳарнинг тарихий ва сайёҳлик масканлари билан танишиш ҳам ўқувчиларнинг тасаввурини янада бойитган. Зеро, сафар давомида таълим ва маданият, дипломатия ва туризм, тарих ва бугунги тараққиёт бир-биридан ажралмаган ҳолда намоён бўлади.

Германия. Берлиннинг тарихий ва меъморий қиёфаси ўғлимда алоҳида қизиқиш уйғотган чоғи, Рейхстаг биноси, Бранденбург дарвозаси ва бошқа тарихий-маданий обидалар орқали у Германиянинг мураккаб ва бой тарихига назар ташлади. Шу билан бирга, замонавий Берлин қиёфаси мамлакатнинг бугунги тараққиёти ҳақида тасаввур берди.
– Германиянинг шаҳар меъморчилиги менда катта таассурот қолдирди. Тарихий обидалар ва замонавий архитектура уйғунлиги шаҳарларга ўзига хос қиёфа бағишлаган. Таълим соҳасидаги ютуқлари ҳам бежизга халқаро миқёсда эътироф этилмаслигини англадим. Ўқув дастурларида иштирок этиб, таълим олиш ва изланишнинг янги усуллари билан танишдим. Бу эса менда янада кўпроқ билим олиш, изланиш ва ўз устимда ишлашга бўлган иштиёқни кучайтирди, – деди у.

Ўқувчиларнинг Европа Виадрина университетида бўлиши ҳам шу маънода аҳамиятли бўлди. Улар университет муҳити, таълим жараёни ва Германияда таҳсил олиш имкониятлари билан танишди. Бундай мулоқотлар ёш инсонга келажакда қайси йўналишда ўқиш, қандай билим ва кўникмаларни эгаллаш зарурлиги ҳақида аниқроқ тасаввур беради.

Фарзандим қайтиб келгач, унинг тил ўрганишга бўлган иштиёқи янада кучайганини сездим. Аввал тилни асосан таълим ва мулоқот воситаси сифатида қабул қилган бўлса, энди уни дунё билан боғлайдиган муҳим кўприк сифатида кўра бошлади.
Дипломатия ҳақидаги қарашлари ҳам ўзгарди. Элчихоналар, элчилар, давлатлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида қизиқиши ортди. Халқаро дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига бошқача назар билан қарай бошлади.
Туризм маданияти ҳақида ҳам янги тушунчалар пайдо бўлди. Саёҳат фақат янги жойларни кўриш эмас, балки ўша юртнинг тарихи, маданияти, одамлари, урф-одатлари ва табиатини ҳурмат қилиш эканини англай бошлади.
Энг муҳими, Европа ва Осиё ўртасидаги боғлиқлик, мамлакатлар ўртасидаги таълим, иқтисодий ва маданий алоқалар ҳақида мутлақо янги фикрлар билан қайтди.
Аслида, таълимнинг энг катта самарасини ҳар доим ҳам имтиҳон натижаси ёки сертификатда кўриб бўлмайди. Баъзан уни фарзандингизнинг берган саволларидан, қизиқишларидан, дунёга қарашидаги ўзгаришдан сезасиз. Мен она сифатида ана шу ўзгаришни кўрдим.

Ёшларга халқаро ўқув дастурлари доирасида хорижга бориш, нуфузли таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар ва турли маданиятлар билан танишиш имкониятини беришнинг асл аҳамияти ҳам айнан шунда.
Бундай дастурлар ўқувчини тайёр билимни қабул қилувчи эмас, балки савол берадиган, изланадиган, солиштирадиган ва мустақил хулоса чиқарадиган шахс сифатида шакллантиради. У дунёни кўради ва ўз юртига қайтиб, “Бизда-чи?”, “Нима учун?”, “Бу тажрибадан нимани ўрганишимиз мумкин?” деган саволларни бера бошлайди. Бу эса ҳар қандай таълим дастурининг энг муҳим натижаларидан бири, назаримда.
Бугун лицей ўқувчилари учун халқаро таълим дастурлари, академик алмашинувлар, хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ва илғор тажрибаларни ўрганиш учун имкониятлар кенгайиб бораётгани қувонарли. Чунки бу имкониятлар орқали ёшларимиз нафақат хорижий давлатларни кўради, балки ўз келажагини ҳам кенгроқ тасаввур қилади.

Она Ватанга қайтиш олдидан у билан телефон орқали мулоқот қилдим. Суҳбат орасида “Она сизга нима совға олай” деб сўради. Шунда бўғзимга бир нима тиқилгандек бўлди, кўзим ёшланди. Она учун бундай сўзни эшитиш нақадар ёқимли ва шу билан бирга юксак мукофот эканлигини юракдан ҳис қилганларгина билиши мумкин. Шунда бироз жим турдим-да, “Сени бағримга келишинг, кўзларимга боқиб, сизни яхши кўраман дейишингни ўзи совға” дедим. Ва кўнглимдан бир туйғу ўтди. У ҳам бўлса, совғадан ҳам улуғроқ бу – фарзанднинг дунёга янгича нигоҳ билан боқиши. Унинг Швейцария ва Германиядан ана шу янгича нигоҳ билан қайтиши бу оиламизнинг, юртимизнинг, келажагимизнинг катта ютуғидир. Зеро, бу ютуқлар негизида Ватанга, онага, миллатга, қадриятларга бўлган чексиз ҳурмат ва муҳаббат бўй кўрсатган бўлса, не ажаб.
Нилуфар Бозорова, ЎзА