Хавфсизлик — умумий масъулият
Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш, аввало, муаммонинг оқибати билан эмас, уни келтириб чиқараётган сабаблар билан ишлашни тақозо этади. Айни шу тамойил “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишлар мазмунида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимовнинг вилоятга хизмат сафари давомида ҳудудлардаги профилактик ишлар ҳолати атрофлича ўрганилди. Вилоят ички ишлар бошқармасида масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилиб, криминоген вазият, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни юзага келтираётган омилларни бартараф этиш борасидаги чора-тадбирлар таҳлил қилинди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, хавфсиз муҳитни таъминлаш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг саъй-ҳаракатлари билан чекланиб қолмаслиги керак. Бу жараёнда маҳалла, оила, таълим муассасаси, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис профилактик ишларни манзилли ташкил этиш, яъни ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос шароити ва мавжуд муаммоларидан келиб чиқиб чора кўришга устувор аҳамият берилмоқда.

“Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбири доирасида маҳаллаларда профилактик ишларни кучайтириш, жамоат жойларида хавфсизликни таъминлаш, аҳоли билан бевосита мулоқотларни йўлга қўйиш ва мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Бу борада, айниқса, ёшлар билан ишлаш масаласи долзарб. Зеро, уларнинг бўш вақти қандай мазмун билан тўлдирилса, эртанги қадамлари ҳам кўп жиҳатдан шунга боғлиқ бўлади. Шунинг учун ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича профилактик ишлар кучайтирилмоқда.

Вазир ўринбосари профилактик тадбирларни умумий ёндашув асосида эмас, балки ҳар бир ҳудуддаги аниқ вазиятдан келиб чиқиб ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Эҳтимолий хавфларни олдиндан аниқлаш, уларнинг сабабларини чуқур ўрганиш ва бартараф этиш эса бу борадаги ишларнинг асосий мезони бўлиши лозим.
Чунки ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин унинг оқибатини бартараф этишдан кўра, унга олиб келиши мумкин бўлган омилни ўз вақтида аниқлаш ва унинг олдини олиш самаралироқдир. Профилактиканинг асл моҳияти ҳам шунда — хавфни воқеага айлантирмаслик.
Учрашувда аҳоли билан яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг мурожаатларига эътиборли бўлиш, хизмат интизоми ва қонунийлик талабларига қатъий риоя этиш юзасидан ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Бугун хавфсизлик тушунчаси кўча ва жамоат жойларида тартибни сақлаш билангина чекланмайди. У одамларнинг хотиржам ҳаёти, оилалар осойишталиги, ёшларнинг соғлом муҳитда камол топиши, ҳар бир фуқаронинг эртанги кунга ишонч билан қараши билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода профилактика — бу фақат ҳуқуқбузарликка қарши чора эмас, балки тинч ва фаровон ҳаётни асрашга қаратилган узлуксиз жараёндир.
Жиззах вилоятида “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Эътибор эса бир нуқтага — ҳуқуқбузарлик содир бўлгандан кейин унинг оқибати билан курашишга эмас, балки уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабабларни барвақт аниқлаб, бартараф этишга қаратилган.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири