Таълимда янги социометрия усули
Замонавий таълим тизимида ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабатлар шунчаки ахборот алмашинуви эмас, балки ижтимоий-маданий жараён сифатида ҳам талқин этилмоқда.
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида ўтказилган “Маданиятшунослик ёндашуви асосида ўқитувчи-ўқувчилар орасидаги социометрик муносабатларни ривожлантириш стратегиялари: тарихий ҳамда халқаро тажрибалар таҳлили” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ушбу соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Социометрик метод ёки социометрия фани — кичик гуруҳлардаги инсонларнинг бир-бирига муносабатини ўрганувчи ижтимоий-психологик услубдир. Бу метод гуруҳдаги кичик жамоалар ва ундаги лидерларни аниқлаш ва жамоа даражасини баҳолашда қўлланилади. Ушбу психологик атама Жейкоб Морено томонидан ишлаб чиқилган.
[gallery-29227]
Эндиликда таълим тизимимизда ушбу методни ривожлантириш ва таълим муассасаларида қўллаш каби масалалар муҳокама қилинмоқда. Хусусан, юқоридаги конференциянинг ташкил этилиши ва унда 100 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, Хитой, Корея, Беларусь, Озарбайжон, Болгария, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатлардан келган халқаро экспертлар ўз маърузалари билан қатнашиши социометрия фанини чуқурроқ ўрганиш имконини беради.
Муҳокама давомида синф жамоасидаги социометрик муносабатларни аниқлаш ва уларни ижобий томонга йўналтириш, таълим жараёнини умуминсоний ва миллий қадриятлар мисолида ташкил этиш, мулоқот маданиятини юксалтириш каби масалалар таҳлил қилинди.
Анжуман шўъбаларидаги муҳокамалар икки асосий йўналишда кечди. Биринчи шўъбада профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги муносабатларнинг назарий-методологик асослари кўриб чиқилган бўлса, иккинчисида мактабгача ва мактаб таълимидаги амалий методика ва стратегиялар таҳлил қилинди.
Анжуман материаллари нафақат маҳаллий, балки жаҳон миқёсидаги илмий базаларда ўз аксини топди. Мақолалар Index Copernicus, Zenodo ва Cyberleninka каби нуфузли платформаларга жойлаштирилди. Ҳар бир тезисга ДОИ рақами берилиши ва Google scholar тизимида индексланиши тадқиқотчиларнинг халқаро рейтингига ижобий таъсир кўрсатади.
Мазкур халқаро конференция Ўзбекистон педагогикасининг жаҳон таълим майдонига интеграциялашувини жадаллаштириш билан бирга, соғлом ижтимоий-психологик муҳитга эга моделни яратиш учун зарур бўлган илмий ва амалий пойдеворни мустаҳкамлади.
Ушбу тадбир келажакда мактабларда ўқувчиларнинг нафақат билимли, балки жамиятда ўз ўрнини топа оладиган, мулоқотга киришувчан ва маданиятли шахс бўлиб етишишларига хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Отабек Мирсоатов (сурат)
ЎзА