Бурч, жасорат, матонат!
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир шундай номланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаменти вакиллари ва ёш энергетиклар иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар Ватан ҳимояси, тинчлик ва барқарорликни асраш йўлида кўрсатилган қаҳрамонлик намунаси бугунги ёшлар учун ибрат мактаби эканини алоҳида қайд этди. Уларнинг таъкидлашича, маънавий-маърифий тадбирлар ёш авлодни миллий қадриятларга содиқ, ватанпарвар ва фаол фуқаро этиб тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Аждодлар ёдини ардоқлаш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлини ёшларга етказиш орқали эса келажак авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 апрелдаги “9 май - Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган мазкур учрашув, аввало, халқимизнинг бой тарихи, аждодларимиз мероси ва уларнинг жасоратини ёд этиш, шунингдек, бугунги авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Тадбир якунида Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижроси иштирокчиларга янада кўтаринкилик бағишлади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА