Аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар талаб даражасидами?
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, фуқароларга ҳуқуқий ахборотни тезкор, ишончли ва қулай шаклларда етказиш бугунги кунда устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Бу борада замонавий рақамли хизматлар ва илғор ахборот тизимларини жорий этиш орқали аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳам зарур.
Адлия вазирлиги қошидаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан 2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.

Марказ директорининг биринчи ўринбосари Алишер Каримов Қонунчилик маълумотлари миллий базасининг фаолияти, бугунги кунда Lex.uz сайтининг дунё бўйлаб кенг қамрови, норматив ҳужжатларнинг янгиланиши, платформага ўзбек тилида ҳужжатлар жойлаштирилаётгани ҳақида маълумот берди.
Қонунчиликдаги янгиликлар, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида тезкор маълумотлар тақдим этувчи “Ҳуқуқий ахборот” расмий телеграм канали фаолият юритмоқда. Ҳуқуқий ахборотни етказишдаги инновацион лойиҳалардан унумли фойдаланилмоқда.
Болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида тайёрланган 14 ўйин лойиҳаси ва аҳолига ҳуқуқий ахборотни медиа маҳсулотлари орқали тарқатиш усуллари жорий этилган.

Расмий, юридик ва бошқа нашрлар ҳамда ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва маркетинг йўналишида самарали иш олиб борилмоқда.
Қонунчилик ҳужжатлари билан чет тилларида танишиш имконияти ҳам яратилган. “LexAI” платформасида ҳуқуқий масалаларга жавоб берадиган ёрдамчи чат-бот жорий этилган.
Тадбирда замонавий рақамли хизматлар ва ахборот тизимларини ривожлантириш борасидаги янгиликлар тақдим этилди. Мавжуд муаммолар муҳокама қилинди, мутахассислар ва ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот ўрнатилиб, келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА