Ўзбекистонда “яшил” энергия ишлаб чиқариш 32 фоизга ошди
2026 йил январь-апрель ойлари якунларига кўра, Ўзбекистонда “яшил” энергия ишлаб чиқариш сезиларли даражада ўсиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоизга ошди. Бу эса мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил самара бераётганини кўрсатади.
Жорий йилнинг январь-апрель ойларида юртимиздаги йирик қувватли қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 3 миллиард 421 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 794,4 миллион киловатт-соатга кўпдир.
Жумладан, қуёш фотоэлектр станциялари томонидан 1 миллиард 877 миллион киловатт-соат, шамол электр станциялари томонидан эса 1 миллиард 544 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Ушбу натижалар ҳисобига 912 миллион метр куб табиий газ тежалди ҳамда атмосферага қарийб 1,9 миллиард тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, 2025 йилнинг январь-апрель ойларида қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 2 миллиард 626,6 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 1,5 миллиард киловатт-соат қуёш,1,1 миллиард киловатт-соат эса шамол энергияси ҳиссасига тўғри келган.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган мазкур ҳажмдаги электр энергияси ўртача 4 миллион хонадоннинг тўрт ойлик ёки 1,4 миллион хонадоннинг бир йиллик истеъмолини таъминлаш имконини бермоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА