Талабалар тураржойида нима содир бўлди?
Одатдаги кунлардан бири. Олий ўқув юрти ҳовлисидаги гавжумлик ва билим олиш иштиёқида юрган талабалар ўз юмушлари билан банд. Аммо кутилмаганда янграган сирена овози ҳаммани ҳушёр тортишга ва тезкор ҳаракат қилишга ундади.
Гап шундаки, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети талабалар тураржойларида Хоразм вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Ўқув машқининг асосий мақсади фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда талабалар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг тезкор ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Машғулотлар давомида ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, талабаларни хавфсиз ҳудудга тезкор эвакуация этиш ҳамда фавқулодда вазиятлар хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни янада такомиллаштириш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди.

– Фавқулодда вазият айтиб келмайди, – дейди Хоразм вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Рустамов. – Шунинг учун ҳам ҳар бир сония ва тўғри қарор инсон ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугун Урганч давлат университети талабалар тураржойида ўтказилган амалий машғулотда асосий эътиборни айнан тезкорлик ва тўғри эвакуация жараёнига қаратдик. Қувонарлиси, талаба-ёшлар ҳамда университет масъуллари машғулотга жуда жиддий ва масъулият билан ёндашишди. Ваҳимага берилмай, белгиланган хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда бинони тарк этиш кўникмасини намойиш этдилар.


Жадал ва тартибли кечган ўқув машқи талаба-ёшлар учун ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан муҳим маҳорат майдонига айланди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири