Шеър айтгани галинг Хивага
Азим ва қадим Хива шаҳри яна бир бор сўз санъати ва нафосат байрамига мезбонлик қилди. Муҳташам “Фаровон” меҳмонхонасининг кўркам ва ҳашаматли қабуллар саройи бу сафар расмий ёки сиёсий учрашув эмас, балки руҳият ва шеърият байрами бўлган “Янги Ўзбекистон мушоираси”нинг ижодхонасига айланди.
Ўзбекистон қалам аҳилларини бирлаштирувчи ушбу ижодий учрашувларнинг айнан кўҳна ва азим шаҳарда ўтказилиши бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 17-18 август кунлари Хоразм вилоятида бир қатор янги иншоотлар очилишида қатнашар экан, эндиликда бу кўркам бинолар саҳнида ажойиб тантаналар, хусусан, Хива мушоираси ўтказилишини ҳам таклиф қилган эдилар.
Ушбу истак амалга ошиши кўпга чўзилмади. Пойтахтимиздан, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан таниқли шоирлар Хивага етиб келишди.
Мушоира аввалида унинг иштирокчиларидан бир гуруҳи Огаҳий ижод мактабида бўлишди. Бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар, Огаҳий ворислари билан дилдан мулоқот қилдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Сирожиддин Саййид анжуман айнан ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан ўтказилаётганлигини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова ва бошқалар мушоиранинг илк кунини бошлаб бердилар.
Эртаси куни анжуман каттароқ даврага – шаҳарга кираверишда бундан уч йил муқаддам қад ростлаган “Фаровон” меҳмонхонасига кўчди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Саидов “Янги Ўзбекистон мушоираси”га ташриф буюрганларни самимий муборакбод этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо:
– “Адабиёт – бу халқнинг юраги”, – дейдилар давлатимиз раҳбари, – Бу сўз Чўлпоннинг “Адабиёт яшаса – миллат яшайди” сўзларига ҳамоҳангдир. Ватан сўзи юрагимизда ғурур минораларини тиклайди.
Шоир Огаҳий ижод мактаби ўқувчилари Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – Ватаним маним!” шеърини ўқиб беришди.

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим “Қалбим шеъриятнинг қучоғида” деб бошланадиган шеърини ўқиб берганда ҳам Огаҳий ворислари жўровоз бўлишди.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тойир ўзининг шеъри билан бирга Омон Матчоннинг “Қаламинг бўлмаса олам талашма...” сатрларида ифодаланган шеъридан парча ўқиди. Ўзбекистон халқ шоири Хосият Бобомуродова хоразмликларга бағишланган шеърини тақдим этди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари, шоиралар Фарида Афрўз, Мунаввара Усмонова, Гавҳаржон Ибодуллаевалар ҳали сиёҳи қуримаган назмий ашъорларидан ўқиб беришди.
Саҳнага элимизнинг дилбар шоираси Сайёра Самандар кўтарилди.
– Назмимда, раҳматли падари бузрукворим ҳам ушбу жўшқин даврада иштирок этаётгандай, “Хоразм фарзандиман!”ни ўқиётгандай...
Отасининг жисму жонини юрагига кўчирган шоира ушбу машҳур шеърни давра аҳлига ҳавола этди.

Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним: “Мушоира этади давом, дўстим кел сен ҳам” дея башорат қилганларидек, давра яна жўшқин тус олди.
Сурхондарёлик “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Менгнор Олломурод, Қашқадарёдан Ғулом Абдиев, туркиялик меҳмон Кадриятхоним чиқишларидан сўнг, саҳнани буткул ёш ижодкорлар эгаллаб олишди.
Шоир ва актёр Эркин Бозоров, Муҳаммад Сиддиқ, Шоира Шамс, Гулинор Авазова... қўйинг-чи, ўзбек, тожик, туркман, қорақалпоқ, турк тилларида дилларни мафтун этувчи шеъру ғазаллар таралди. “Янги Ўзбекистон мушоираси”га қўшилганлар сони олтмишдан ошиб кетди. Навбат етмаганлар қанча?!

Кечқурун “Ичан қалъа”нинг машҳур ўтмишни жонлантирувчи минораю обидалари пойида мушоирахонлик давом этди.
Гўёки маҳобатли “Ичан қалъа” деворлари бағрида янграган бадиий сатрлар ва самимий мисралар замонлар ва авлодлар ўртасидаги маънавий кўприкни янада мустаҳкамлагандек бўлди. Шоирлар томонидан ўқилган Ватан, севги, тинчлик ва янгиланаётган юрт тараннум этилган шеърлар нафақат йиғилганлар, балки маҳаллий ва хорижий сайёҳлар қалбига ҳам ўзгача завқ ва фахр бағишлади.

Қадимий ва гўзал Хивада бошланган “Янги Ўзбекистон мушоираси” унинг иштирокчилари ва мухлислари қалбида узоқ сақланиши, шубҳасиз. Президент таклиф этган “Янги Ўзбекистон мушоираси” вилоятлар бўйлаб давом этади.
Шержон МАШАРИПОВ,
“Xiva tongi” газетаси бош муҳаррири.
ЎзА