Таълимдан узилмаган болалик: “Меҳрли мактаб” фаолияти қандай кечмоқда?
Бола саломатлиги ва таълими бир-биридан ажралмас тушунча. Айниқса, узоқ муддат даволанишга муҳтож болалар учун таълим жараёнини узлуксиз давом эттириш, уларнинг билим олиши билан бирга, руҳий қўллаб-қувватланиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда соғлиғи туфайли мактабга мунтазам қатнай олмайдиган болалар учун ҳам таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янги ташаббус амалга оширилди.
Маълумки, 2022 йилда мамлакатимизда “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаси ташкил этилган. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан 2023 йилда мактабнинг филиаллари ташкил этилиши белгиланган. Бугунги кунга қадар “Меҳрли мактаб”нинг 9 та филиали фаолият юритмоқда. Ушбу муассаса ва унинг филиалларидаги 83 нафар педагогик жамоа томонидан бугунги кунга қадар 31 минг 209 нафар (шундан, 14 274 нафари боғча, 16 935 нафари мактаб) узоқ муддатли даволанишда бўлган болаларга таълим-тарбия хизматлари кўрсатилди. “Меҳрли мактаб”да 3 турдаги (мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим, мактабдан ташқари таълим) таълим-тарбия хизмати мавжуд.
Қайд этилишича, “Меҳрли мактаб” таълим муассасаси ҳозирда Россия Федерациясининг “Учим Знаем” госпитал мактаби, Германиянинг Людвиг-Максимилиан номидаги Мюнхен университети, Буюк Британиянинг Chelsea Community Hospital School ҳамда “HOPE” халқаро тармоғи билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ўтган 2025 йилда “Меҳрли мактаб” жамоаси Дублин шаҳрида ўтказилган HOPE-2025 халқаро конгрессида иштирок этиб, госпитал таълим, инклюзив таълим ва болаларни даволаниш жараёнида таълим билан қамраб олиш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди. Бундан ташқари “Меҳрли мактаб” ўқувчилари халқаро танлов ва фестивалларда юқори натижаларга эришмоқда. 2024 йилда “The Planet of Art” халқаро ёшлар фестивалида муассаса ўқувчиларидан 11 нафари ғолиблар қаторига кирган. Энг яхши ишлар Париждаги ЮНEСКО қароргоҳида намойиш этилган.
“Меҳрли мактаб”нинг ташкил этилиши даволанаётган болалар учун таълим ва тарбия жараёнини узлуксиз давом эттиришга хизмат қилади. Бу ерда ўқувчилар нафақат билим олиш, балки тенгдошлари билан мулоқот қилиш, ўз қобилиятларини намоён этиш ва жамиятга мослашиш имкониятига ҳам эга бўлади. Энг муҳими, боланинг саломатлиги билан боғлиқ ҳолат таълим олиш ҳуқуқини чекламаслиги керак. “Меҳрли мактаб” ана шу тамойилни амалда таъминлашга қаратилган бўлиб, даволаниш ва таълимни уйғунлаштириш, болаларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА