Миллий қонунчилик талаби ва контент масъулияти
Нукусда “Ахборот маконида миллий қонунчилик талаблари, контент масъулияти ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида ҳудудлараро ўқув-семинар ташкил этилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси томонидан ташкил этилган семинар Қорақалпоғистон Республикасида анъанавий шаклда, Хоразм ва Бухоро вилоятлари билан Zoom платформаси орқали ўтказилиб, унда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа соҳаси вакиллари ҳамда соҳага алоқадор ташкилотлардан 200 нафар иштирокчи қатнашди.
Ўқув-семинарнинг асосий мақсади ахборот соҳасида давлат назоратини амалга оширишда миллий қонунчилик талабларининг бир хил қўлланилишини таъминлаш, ахборот маконида ноқонуний контент тарқалишининг олдини олиш ҳамда болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий ва амалий механизмларни муҳокама қилишдан иборат.
Семинарда таъкидланганидек, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ахборот алмашинуви имкониятларини кенгайтириш билан бир қаторда, интернет муҳитида ноқонуний контент тарқалиши, болаларга зарар етказувчи ахборотлар, кибербуллинг, сохта ахборот ва бошқа хавфларга қарши таъсирчан ҳуқуқий ва ташкилий механизмларни такомиллаштиришни талаб этмоқда.
[gallery-31490]
Хусусан, рақамли технологиялар ҳаётнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган бугунги кунда болалар интернет ва рақамли платформаларнинг энг фаол фойдаланувчиларидан бирига айланмоқда. Интернет улар учун таълим олиш, мулоқот қилиш ва ижодий салоҳиятни ривожлантириш имкониятларини яратса-да, зарарли ахборот, кибербуллинг, қимор ўйинлари тарғиботи, наркотик моддаларни оммалаштириш, порнографик материаллар, сохта ахборот ва сунъий интеллект ёрдамида яратилган deepfake материаллари каби янги ахборот хавфларини ҳам келтириб чиқармоқда.
Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, дунёдаги интернет фойдаланувчиларининг қарийб учдан бир қисмини 18 ёшга тўлмаган болалар ташкил этади. Шу муносабат билан болаларнинг рақамли муҳитдаги хавфсизлигини таъминлаш жаҳон миқёсида давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тадқиқотларига кўра, ўсмирларнинг 11 фоизида ижтимоий тармоқлардан муаммоли фойдаланиш белгилари кузатилган. Бу каби тенденциялар мамлакатимиз учун ҳам долзарб ҳисобланади. Миллий ахборот маконида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтказилган мониторинг натижалари ахборот соҳасида давлат назоратини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ҳисобот давомида интернет ресурслари, телерадиоканаллар, даврий босма нашрлар ва нашриёт маҳсулотларида жами 1 минг 400 та ҳолат бўйича қонунчилик талаблари бузилгани, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида эса 3 минг 150 та қонунбузилиш аниқланди. Интернет муҳитидаги ҳолат алоҳида эътиборни талаб қилади. “UZ” доменидаги 915 та веб-сайт фаолиятида 1 минг 854 та қонунбузилиш қайд этилди.
Уларнинг асосий қисми қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар, ахлоқсизлик ва беҳаёлик тарғиботи, алкоголь, тамаки маҳсулотлари ва наркотик моддалар рекламаси билан боғлиқ. Ушбу рақамлар болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишда фақат ҳуқуқбузарликларни аниқлаш эмас, балки уларнинг олдини олиш механизмларини ҳам кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, рақамли платформалар, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва ота-оналарнинг ҳамкорлигини талаб қилади. Давлат назорати механизмларини замонавий рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш, профилактик ёндашувларни кучайтириш ҳамда миллий қонунчиликни халқаро илғор амалиётлар асосида такомиллаштириш ушбу йўналишдаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Тадбир давомида иштирокчиларга рақамли ахборот маконида қонунийлик ва хавфсизликни таъминлаш, болалар манфаатларини таъминлашда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти, кибермаконда қонун устуворлиги, оммавий ахборот воситаларининг контент масъулияти, шунингдек, болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, ёшга оид таснифлаш ва экспертиза масалалари юзасидан маърузалар тақдим этилди. Шунингдек, семинар доирасида ахборот соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, оммавий ахборот воситаларида ноқонуний контентнинг олдини олишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ҳамда болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
— Оммавий ахборот воситалари хабарни биринчи бўлиб беришга интилар экан, унинг аниқлиги ва ишончлилигини иккинчи ўринга қўймаслиги керак. Айниқса, фавқулодда вазиятлар, ижтимоий зиддиятлар, соғлиқни сақлаш, молиявий масалалар ёки давлат хавфсизлигига оид мавзуларда эътиборсиз эълон қилинган бир хабар жамоатчилик орасида нотўғри тушунчаларни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун “аввал текшириб - кейин эълон қилиш” тамойили замонавий журналистикамизнинг энг муҳим қоидаларидан бири бўлиши керак, — дейди Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Бахамдулла Нурабуллаев.
Иштирокчиларга кибермаконда қонунийликни таъминлаш, рақамли муҳитда болалар хавфсизлиги ва ахборот хавфларининг олдини олишга бағишланган махсус видеороликлар намойиш этилди.
Мазкур ўқув-семинари ахборот соҳасида давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа ташкилотлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қонунчилик талабларини амалиётда самарали қўллаш, ахборот маконида қонунийликни таъминлаш ҳамда болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари