Такси хизматидан норози йўловчи қаерга мурожаат қилади?
Такси чақирдик, белгиланган жойда кутдик, аммо машина келмади. Ҳайдовчи билан боғланишнинг иложи йўқ, оператор эса муаммони ҳал қилишга шошилмайди. Бундай вазиятга дуч келган йўловчи нима қилиши керак?
Аслида, бу шунчаки бир йўловчининг норозилиги эмас. Сўнгги вақтларда такси хизматлари бўйича шундай эътирозлар кўпайиб бормоқда.
Бу ҳолат Рақобат қўмитасига келиб тушаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқлардаги шикоятларда ҳам акс этмоқда. Хусусан, “WB TAXI” МЧЖ фаолияти билан боғлиқ 2026 йил январь-август ойларида 20 га яқин мурожаат келиб тушган. Уларда такси буюртма қилинган жойга ҳайдовчи келмагани, ҳайдовчи билан қайта боғланиш имкони бўлмагани ва бундай ҳолатларда оператор томонидан етарли чора кўрилмагани ҳақида эътирозлар билдирилган.
Рақобат қўмитаси ўрганишлари давомида хизмат кўрсатувчи корхона фаолиятида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, электрон тижорат ва рақамли платформалар фаолиятига оид қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича айрим камчиликларга эътибор қаратди.
Шу муносабат билан қўмита томонидан “WB TAXI” МЧЖга сўров юборилди. Унда қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, йўловчиларнинг хизмат кўрсатувчи билан қайта алоқа ўрнатиши ва зарур маълумотларни олиши учун имконият яратиш чораларини кўриш сўралди.
Чунки йўловчи учун такси ўз вақтида келиши қанчалик муҳим бўлса, хизматда муаммо юзага келганда кимга мурожаат қилиш ва жавоб олиш имконияти ҳам шунчалик муҳим.
Нигора Раҳмонова, ЎзА