“Xorazm Open 2” мусобақаси ғолиби аниқланди
Хива шаҳридаги “Арда Хива” туристик мажмуасида кикбоксинг бўйича кичик ўсмирлар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида “Xorazm Open 2” очиқ мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган иштирокчилар ғолиблик учун баҳслашиб, ўз куч ва маҳоратларини намойиш этди.
Финалга қадар икки кун давом этган ҳаваскорлар ўртасидаги баҳсларда 250 га ёш спортчилар иштирок этди.

Мусобақа финалида Ўзбекистон Кикбоксинг ассоциацияси раиси Ойбек Норметов ҳамда Хоразм вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нодира Джуманиязова сўзга чиқиб, спортчиларга омад тилади.
Шундан сўнг профессионал жанглар бошланди. Бир-биридан қизғин жанглар, шиддатли ва муросасиз кечди.

Натижаларга кўра, аёллар ўртасида қорақалпоғистонлик кикбоксчи Гўзал Юсупованинг қўли баланд келган бўлса, эркаклар ўртасидаги жангларда Хоразм спортчиси Жабборберди Жабборов ёрқин жанг кўрсатиб, ғолибликни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири