Германиядан юборилган бокс жиҳозлари ичида 8 килограмм гиёҳвандлик воситаси аниқланди
Гиёҳвандлик воситаларининг трансчегаравий ноқонуний айланмасига қарши курашиш борасида божхона органлари томонидан навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди. Унинг натижасида Германиядан Ўзбекистонга халқаро курьерлик жўнатмаси орқали юборилган бокс жиҳозлари ичига яширилган 8 килограмм гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.
Тезкор тадбир Божхона қўмитасининг «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси Контрабандага қарши курашиш шуъбаси ҳамда «Электрон тижорат» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Германиядан халқаро курьерлик жўнатмаси орқали юборилган бокс қопи ва қўлқоплари божхона назоратидан ўтказилаётганда, ходимлар шубҳали ҳолатни аниқлади. Текширув давомида мазкур буюмлар ичига моҳирлик билан 4 килограмм гиёҳвандлик воситалари яширилгани фош этилди. Шундан сўнг, 3 сентябрь куни пойтахтнинг Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу жўнатмани қабул қилиб олаётган 25 ёшли Черногория фуқароси қўлга олинди.
Марказий божхона лабораториясида ўтказилган экспертиза натижаларига кўра, жўнатма таркибида 3 килограмм «клeфедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси ва 1 килограмм «гашиш» борлиги аниқланди. Тезкор тадбир давомида гумонланувчининг фаолияти янада чуқур ўрганилди. Аниқланишича, у «Signal» мессенжерида «Mayk» аккаунтидан фойдаланувчи шахснинг топшириғи асосида аввал ҳам Қозоғистон ва Грузия ҳудудларида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланган. Шунингдек, фуқаронинг вақтинча яшаш хонадонини кўздан кечириш чоғида кейинчалик тарқатиш мақсадида тайёрланган гиёҳвандлик воситалари ҳам аниқланди. Хусусан, 30 грамм «А-PVP» синтетик гиёҳвандлик воситаси жойланган 11 та тайёр ўрам, шунингдек, зип-пакетлар ва электрон тарози ашёвий далил сифатида олинди.

Бироқ тезкор тадбир шу билан якунланмади. Маълум бўлишича, гумонланувчининг акаси номига ҳам Германиядан худди шундай мазмундаги почта жўнатмаси келаётган бўлган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилиб, 8 сентябрь куни Германиядан юборилган иккинчи жўнатма ҳам тўхтатиб қолинди. Унда ҳам жами 4 килограмм оғирликдаги «гашиш» ва «клефедрон» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди. Шу тариқа кўп босқичли тезкор тадбирлар натижасида жами 6 килограмм «клефедрон» ва 2 килограмм «гашиш» — умумий ҳисобда 8 килограмм гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний муомалага кириб кетишига йўл қўйилмади.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов доирасида гиёҳвандлик воситаларини юборган ва уларнинг ноқонуний айланмасида иштирок этган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тегишли тадбирлар давом эттирилмоқда.

Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА