Тадбиркорлик сари дадил қадам
Қарши давлат техника университетида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Келажак тадбиркори – 2026” касблар кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмада Қашқадарё вилоятидаги олий таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди. Унда иш берувчилар томонидан мавжуд бўш иш ўринлари, мутахассисларга қўйиладиган талаблар, меҳнат бозоридаги эҳтиёж ҳамда ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Тадбир доирасида “Ёшлар куни” муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳам ўтказилиб, унда “Ўзмиллийбанк” АЖ “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов ҳамда Қарши давлат техника университети ректори Шерзод Неъматов ёшлар билан очиқ мулоқот қилди.
[gallery-32391]
Суҳбат давомида ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун молиявий кўмак бериш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
- Бундай учрашувлар ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш ва ўз бизнесини бошлаши учун зарур имкониятлар яратишда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, “Келажакка қадам” дастури доирасида университетимизда таҳсил олаётган 362 нафар талабанинг лойиҳаларини молиялаштириш учун банк томонидан 12 миллиард 256 миллион сўм маблағ ажратилди, - дейди университет проректори Зафар Чоршанбиев.
Учрашув якунида ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган битирувчиларнинг лойиҳалари кўриб чиқилиб, уларга имтиёзли кредит маблағлари ажратиш учун ваучерлар топширилди.
Кўргазма доирасида талабалар учун ишлаб чиқариш корхоналарига танишув саёҳатлари ҳам ташкил этилди. Жумладан, улар Қарши шаҳридаги “Sulton Tex Group” хусусий корхонаси ҳамда Хитойнинг Jiangsu World Group корпорацияси таркибига кирувчи “FM World” компанияси фаолияти билан танишди.
Саёҳат давомида ёшларга корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш, маҳсулот сифатини таъминлаш ва меҳнат унумдорлигини ошириш борасидаги тажрибалар намойиш этилди. Шунингдек, тадбиркорликни самарали йўлга қўйиш, бозор талабларини ўрганиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида фаол иштирок этган ёшларга эсдалик совғалари топширилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари