Пахта даласидаги тақдирлар: кеча ва бугун
Пахта. Бу сўз ўзбек халқи ҳаётида шунчаки бир қишлоқ хўжалиги экини эмас, бутун бир давр хотираларини ҳам ифодалайди. Бир пайтлар пахта режасини бажариш учун одамлар қишнинг қировли кунларигача далаларда меҳнат қилган, талабалар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари ҳам теримга сафарбар этилган.
Бугун эса бу манзара тубдан ўзгарди. Пахтачиликда илм-фан ютуқлари, замонавий техника, сув тежовчи технологиялар ва рақамли назорат тизимлари тобора кенг қўлланилмоқда. Энг муҳими, соҳада инсон меҳнатига муносабат, фермернинг ерга ва ўз меҳнати натижасига эгалик туйғуси ҳам янгича мазмун касб этмоқда.
Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон деҳқон ва фермерлари ҳамда барча қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида жорий мавсумда 5 миллион тоннадан зиёд пахта хирмони кўтарилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади. Бу натижа, аввало, далада меҳнат қилаётган деҳқон ва фермерларнинг саъй-ҳаракатлари, аграр соҳадаги ўзгаришлар ва янги технологияларнинг самарасидир.

Бироқ бугунги натижаларнинг қадрини англаш учун ўтмишга ҳам назар ташлаш керак. Зеро, пахтачиликдаги бугунги ўзгаришлар кечаги оғир ва аянчли хотиралар билан қиёсланганда янада яққол намоён бўлади.
Собиқ тузум даврида пахта режасини бажариш давлат сиёсати даражасига кўтарилган, унинг ортидан эса кўплаб инсонлар тақдири издан чиққан эди. Режани тўлдириш учун қўшиб ёзиш, сохта ҳисоботлар, турли босимлар ва асоссиз айбловлар одатий ҳолга айланган. “Пахта иши” номи билан тарихга кирган қатағонлар туфайли қанчадан-қанча инсонлар тергов қилинди, қамалди, оилалар оғир синовларни бошдан кечирди.
Шундай инсонлардан бири Қашқадарё вилояти Шаҳрисабзлик Мажид Раҳимов эди. У 1949 йилда Шаҳрисабз туманидаги Саксонкапа қишлоғида туғилган. “Энгельс” колхозида турли лавозимларда, жумладан, раис ўринбосари сифатида ишлаган.
1985 йил 14 ноябрда унга нисбатан Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг бир қатор моддалари бўйича хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, хизмат сохтакорлиги ҳамда давлат ва жамоат мулкини талон-торож қилишда иштирок этиш айбловлари билан жиноят иши қўзғатилган. Қашқадарё вилоят судининг 1986 йил 2 апрелдаги ҳукми билан етти йилга озодликдан маҳрум этиш, мол-мулкини мусодара қилиш ва икки йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Орадан йиллар ўтиб, Ўзбекистон ССР Олий суди Президиумининг 1991 йил 5 апрелдаги қарори билан унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги сабабли жиноят иши тугатилиб, оқланган.

Бу йилларнинг оғирлигини эса унинг оиласи, айниқса, турмуш ўртоғи Матлуба Каримова ҳанузгача оғриқ билан эслайди.
- Турмуш ўртоғим “Энгельс” колхозида турли лавозимларда ишлаган, раис ўринбосари ҳам бўлган. Ўша вақтда республика режаси бажарилмагани учун уларга пахтани қўшиб ёзиш топширилган. Раҳбарларнинг кўрсатмасини бажаришган. Кўп ўтмай пахта иши бўйича тергов бошланиб, турмуш ўртоғим ҳам бошқалар қатори жавобгарликка тортилди. Тергов ишлари пойтахтда олиб борилди. Икки ярим йил терговга қатнашди, яна шунча вақт қамоқда бўлди, - дейди Матлуба хола.

Унинг айтишича, бу орада оиланинг бутун ташвиши елкасига тушган. Болалар ҳали ёш, рўзғорни тебратадиган ягона одам эса қамоқда эди. Қайнонаси кўзи ожиз, қайнотаси эса ёши тўқсондан ошган.
- Жуда қийналдик. Биттагина сигиримиз бор эди, болаларни шунинг сути билан боқдим. Қайнотамнинг пенсияси келганда бир килограмм гўшт олардик. Эрим қамалганидан кейин уйимизни ҳам тинтув қилишди. Лекин ҳеч қандай айбловга асос бўладиган нарсани топа олмади. 1985 йилдан 1990 йилгача бўлган давр биз учун жуда азобли ўтди, - дейди у.
Мажид Раҳимов оқланганидан кейин яна колхозда меҳнат фаолиятини давом эттирди. Ферма мудири, агроном бўлиб ишлади. Оиласи билан фарзандларини вояга етказди, уларни уйли-жойли қилди.

- Шукрки, оқланиб чиқдилар. 52 йил бирга яшадик, фарзандларимизни камолга етказдик. Катта ўғлим бугун фермерлик билан шуғулланади, отасининг ишини давом эттиряпти. Ҳозирги пахтачилик билан ўша даврни асло қиёслаб бўлмайди. Илгари колхозда ишлайдиган одам сўроқсиз ишдан қололмасди. Бугун эса дастурхонимиз тўкин, ҳаётимиз тинч. Отаси кўрмаган яхши кунларни болаларимиз кўряпти, - дейди Матлуба хола.
Бугун пахтачиликдаги асосий мақсад фақат кўпроқ майдонга чигит экиш эмас, балки мавжуд ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиб, юқори ҳосил олишдан иборат. Шу боис кейинги йилларда соҳада илмий ёндашув, ресурстежамкор технологиялар ва механизациялаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қашқадарё вилоятида 2026 йилги пахта йиғим-терими мавсуми натижалари ҳам бу жараённинг амалий ифодаси бўлмоқда.

Жорий йилда вилоятдаги 6 минг 63 та фермер хўжалиги ва 17 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 129 минг 300 гектар майдонда ғўза парваришланди. Мавсум аввалида 614 минг тонна пахта топшириш бўйича фьючерс ва форвард шартномалари имзоланган эди. Даладаги саъй-ҳаракатлар натижасида белгиланган режа 104 фоизга бажарилиб, хирмонга 637 минг тоннадан зиёд пахта қабул қилинди. Айни пайтда айрим майдонларда терим ишлари давом этмоқда.
Бу натижаларга эришишда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўғри ташкил этиш, янги навлар ҳамда замонавий етиштириш усулларини қўллаш муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, хорижий навли уруғлардан фойдаланиб, томчилатиб суғориш технологияси асосида “Шинжон усули”да парваришланган майдонларда гектаридан 90–100 центнердан ортиқ ҳосил олинди.
Пахтачиликдаги яна бир муҳим ўзгариш — терим жараёнига замонавий техникаларнинг кенг жалб этилаётганидир. Жорий мавсумда вилоят далаларида жами 290 та пахта териш машинаси ишлатилди. Уларнинг 158 таси «FM World», 115 таси «Boshiran», 14 таси «John Deere» ва 3 таси «Dongfeng» русумли техникалардир.

Эътиборлиси, жорий йилнинг ўзида «Ўзагролизинг» акциядорлик жамияти вилоят филиали орқали фермерларга лизинг асосида яна 67 та янги пахта териш машинаси етказиб берилди. Бу эса теримни қисқа муддатларда, ҳосил нобудгарчилигини камайтирган ҳолда ташкил этиш имконини кенгайтирди.
Дарҳақиқат, фермерликнинг бугунги қиёфаси ўзгармоқда. Илгари асосий эътибор кўпроқ ҳосил етиштиришга қаратилган бўлса, энди унинг таннархи, меҳнат унумдорлиги, сув ва ёқилғи сарфи, маҳсулотни қайта ишлаш ҳамда қўшимча даромад манбаларини яратиш ҳам муҳим омилга айланди.
Бу ўзгаришлар Касби тумани мисолида ҳам кўзга ташланади. Туманда пахтачиликда янги экиш схемалари ва сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш кенгаймоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Касби туман бўлими бошлиғи Эркин Эргашевнинг маълум қилишича, жорий йилда туманда 18 минг 700 гектар майдонда ғўза парваришланиб, 95 минг тонна пахта етиштириш белгиланган. Шундан 4 минг 600 гектар майдонда “Шинжон усули” қўлланилган. Ҳосилни йиғиб олишда 30 та пахта териш машинаси иштирок этмоқда. Туман бўйича пахта олти қабул масканида қабул қилинмоқда. Айни пайтгача белгиланган режа ортиғи билан бажарилган.

Касби тумани Пахтакор ҳудудидаги “Шоназар ота Авазмуродов” фермер хўжалиги раҳбари Илёс Нафасов ҳам янги технологиялар самарасини ўз тажрибасида синаб кўрган фермерлардан. У 15 йилдан ортиқ фермерлик фаолияти давомида бу йил анъанавий усулдан воз кечиб, ғўзани янги экиш схемаси асосида парваришлади.
- Жорий йилда 20 гектар майдонга “Хитой-72” навли ғўза экиб, 76 сантиметрлик схема асосида парваришладик. Илгари 90 сантиметрлик схема бўйича экардик, ҳосилдорлик гектарига 30–35 центнердан ошмасди. Бу йил эса янги ёндашув ва томчилатиб суғориш технологияси натижасида гектаридан 60 центнердан зиёд ҳосил олдик. Энг катта фарқ кўчатлар сонида ҳам кўринади: аввалги усулда гектарига 140–150 минг туп кўчат жойлашган бўлса, янги схемада бу кўрсаткич 220–240 минг тупга етди. Бунинг натижасида ердан фойдаланиш самарадорлиги ошди, - дейди Илёс Нафасов.
Фермернинг бу фикрлари пахтачиликда ҳар бир агротехник тадбирнинг аҳамияти катта эканини кўрсатади. Технологияни тўғри танлаш, сувдан тежамкор фойдаланиш ва ғўза парваришини илмий асосда ташкил этиш ҳосилдорликка бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Пахтачилик самарадорлиги фақат даладан олинган ҳосил билан ўлчанмайди. Етиштирилган хомашёни чуқур қайта ишлаш, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратиш ҳам тармоқнинг иқтисодий салоҳиятини белгилайди.

Қашқадарёда бу борадаги ишлар «Sulton Tex Group» масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам намоён бўлмоқда. Корхона директори Ёрқин Авлаёровнинг айтишича, кластер жорий йилда вилоятнинг 11 та туманидаги 1 минг 300 дан ортиқ фермер хўжалиги билан шартномавий муносабатлар ўрнатган.
Ҳозирга қадар кластернинг 8 та пахта қабул қилиш маскани ва 2 та пахта тозалаш заводида жами 50 минг тонна хомашё қабул қилинган.
Эътиборлиси, корхона фақат пахтани қабул қилиш ва дастлабки қайта ишлаш билан чекланмайди. Унинг таркибида иккита ип-калава фабрикаси, тўқув ва мато бўяш фабрикалари, бир нечта тикув цехлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, чигитни қайта ишлаш орқали ўсимлик ёғи ишлаб чиқарадиган замонавий ёғ-мой корхонаси ҳам мавжуд.
Бугун эса фермерлар замонавий техникалар ёрдамида ҳосилни йиғиб олиш, тежалган вақт ва маблағ ҳисобидан бошқа йўналишларда ҳам тадбиркорликни ривожлантириш имкониятига эга. Пахта қабул қилишда электрон тарозилар ва лабораторияларнинг рақамли тизимга уланиши фермер манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Бир вақтлар пахта хирмонини кўпайтириш учун одамлар соғлиғи, вақти ва оилавий осойишталиги ҳисобидан меҳнат қилинган бўлса, бугун асосий эътибор инсон меҳнатини енгиллаштириш, ер ва сувдан унумли фойдаланиш, юқори ҳосилдорликка эришишга қаратилмоқда.
Пахта даласидаги энг катта ўзгариш ҳам, аслида, шу. Энди ҳосилнинг баракаси фақат хирмоннинг баландлиги билан эмас, уни етиштирган инсоннинг қадри, меҳнати самараси ва турмуш фаровонлиги билан ҳам ўлчанмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири