Қашқадарё тадбиркорлари электрон савдога жалб этилмоқда
Қарши шаҳрида “Ўзбекистонда электрон тижорат орқали кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш имкониятлари” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, вилоят ҳокимлиги ҳамда “Wildberries” платформаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 150 нафардан ортиқ тадбиркор, ҳунарманд, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди.
Унда Қашқадарёда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни электрон савдо платформалари орқали ички ва ташқи бозорларга олиб чиқиш, тадбиркорларнинг маркетплейслар билан ишлаш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда вилоятда 27 минг 419 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Шундан 10 минг 281 таси савдо-сотиқ, 3 минг 97 таси саноат, 2 минг 799 таси бошқа хизматлар, 2 минг 238 таси қурилиш, 1 минг 760 таси умумий овқатланиш, 862 таси ташиш ва сақлаш, 789 таси соғлиқни сақлаш соҳасига тўғри келади.
Ҳудудда тўқимачилик, тикувчилик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, миллий ҳунармандчилик, кулолчилик ва гиламчилик каби йўналишлардаги маҳсулотларни электрон савдо орқали кенг бозорларга таклиф этиш имкониятлари мавжуд.

- Корхонамизда ҳозир 20 хилдан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган тўққиз ой давомида қарийб 10 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди, - дейди “Safe collection” МЧЖ масъул ходими Ойбек Шукуров. - Маҳсулотларимизнинг асосий қисми маҳаллий бозорда сотилса, 30 фоизи Россияга экспорт қилинади. Маркетплейсда электрон дўкон очиш ва савдони йўлга қўйиш келгусида сотув ҳажмини яна икки-уч баробар ошириш имконини бериши мумкин.

Семинарда иштирокчиларга онлайн дўкон очиш, маҳсулотларни маркетплейс омборларига етказиб бериш ёки ўз омборидан жўнатиш, логистика жараёнлари ва савдо натижаларини таҳлил қилиш тартиблари тушунтирилди.
Тадбир якунида электрон савдога тайёр тадбиркорлик субъектларини саралаш, уларни маркетплейсларга жалб этиш ва савдони йўлга қўйишда амалий кўмак кўрсатиш бўйича келишувларга эришилди.

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби филиали томонидан келгусида рақамли маркетинг ва экспорт йўналишларида амалий ўқувлар мунтазам ташкил этилиши белгиланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири