Совуқ кунларда энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланишга тайёрмисиз?
Сурхондарё вилоятида “Энергетика хавфсизлиги ойлиги” доирасида тактик-ўқув, тезкор-профилактик ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш ва олдини олишга, улардан оқилона фойдаланиб, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Термиз туманидаги Шароф Рашидов маҳалласида бўлиб ўтган тактик-ўқув машғулотида ҳам куз-қиш мавсумида кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиб, фавқулодда вазиятларда масъул хизматлар ҳамкорлиги ва тезкор ҳаракатланиш кўникмалари синовдан ўтказилди. Аҳоли хонадонларида иситиш мосламаларидан хавфсиз, тўғри фойдаланиш кўздан кечирилди.
Совуқ кунларда энергия ресурсларидан фойдаланишга эҳтиёж ортиб, уларга юклама ошади. Табиий ва суюлтирилган газ ва бошқа энергия ресурсларидан нотўғри фойдаланиш инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради. Иситиш мосламаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ис газидан заҳарланиш, ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатларга сабаб бўлади.

Мазкур тадбир ана шундай кўнгилсиз ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Унда туман ҳокими — фуқаро муҳофазаси бошлиғи Шуҳрат Қаландаров, туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Умид Бозоров тегишли хизматлар мутасаддилари ва ходимлари маҳаллада хонадонма-хонадон юриб, аҳолига энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш, газ ва электр иситиш мосламаларини тўғри ишлатиш ҳолатларини ўрганди. Мўриларни мунтазам тозалаш, хоналарни шамоллатиб туриш ва энергия манбаларидан тежаб фойдаланиш юзасидан тавсиялар билдирилди.

Профилактик тадбирлар чоғида масъул хизматларга аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, хавфли ҳолатларга бефарқ бўлмаслик ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни давом эттириш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири