Тадбиркорларнинг муаммолари очиқ мулоқотда муҳокама қилинди
Урганчда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ечим топиш мақсадида Хоразм вилоят судлари ташаббуси билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда Хоразм вилоят маъмурий суди раиси, Хоразм вилоят суди раиси ўринбосари, судьялар, вилоят адлия ва солиқ бошқармалари, бизнес-омбудсманнинг ҳудудий шўъбаси, савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган учрашувда тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган ҳуқуқий ва амалий муаммолар, шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши, солиқ муносабатлари, давлат органлари билан боғлиқ низолар ҳамда тадбиркорларнинг суд орқали ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномавий низолар, дебитор қарздорликни ундириш, мажбуриятларни лозим даражада бажариш, солиқ органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг қонунийлиги ҳамда давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш тартиби юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилиш ҳуқуқи, даъво аризаларини расмийлаштириш, тегишли далилларни тақдим этиш ва процессуал муддатларга риоя қилиш масалалари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мулоқот давомида тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифларини бевосита тинглаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларнинг қонуний ечимларини излашга алоҳида эътибор қаратилди.
– Тадбиркорлик фаолиятида келиб чиқадиган низоларнинг олдини олишда шартномавий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, тарафларнинг ўзаро мажбуриятларига масъулият билан ёндашиши, шунингдек, низоларни судгача ҳал этишнинг қонуний механизмларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Хоразм вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султанова. – Бу эса тадбиркорларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашининг олдини олиш, ишбилармонлик муносабатларини сақлаб қолиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Учрашувда тадбиркорларга ўзларини қизиқтирган саволларни бевосита судьялар ва ваколатли давлат ташкилотлари вакилларига бериш имконияти яратилди.
Тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, кўтарилган масалалар юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари асосида тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар ва амалий тавсиялар берилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар масъул ташкилотлар томонидан назоратга олиниб, уларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш юзасидан тегишли чоралар белгиланди.
– Тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, иқтисодий ва маъмурий низоларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, судлар ҳамда ваколатли ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳам муҳимдир, – дейди бизнес-омбудсманнинг ҳудудий вакили Дилшод Ходжаев. – Бундай очиқ мулоқотларни мунтазам ташкил этиш тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларга ўз вақтида амалий ечим топиш ҳамда суд тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-31880]
Дарҳақиқат, тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммоларни бевосита ўрганиш, уларнинг мурожаат ва таклифларини тинглаш, ҳуқуқий низоларнинг олдини олиш ҳамда мавжуд масалаларга қонунчилик доирасида ечим топиш мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари