Таълим тизимида сифат, салоҳият ва натижадорлик устувор вазифа
Навоий вилояти Учқудуқ туманида мактабгача ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш, ўқувчилар билимини ошириш, педагоглар салоҳиятини юксалтириш ҳамда 2026-2027 ўқув йилида амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Учқудуқ туманида таълим сифатини яхшилаш, педагог кадрларнинг касбий маҳоратини ошириш, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш, таълим муассасаларида самарали ўқув муҳитини шакллантириш ҳамда ўқувчиларнинг эришган натижаларини мунтазам таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Туманимизда аввалги йилларда олий тоифали ўқитувчилар улуши 1,5 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 30 фоизга етди, – дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Севдиёр Сайфиддинов. – Биринчи тоифали педагоглар улуши эса 5 фоиздан 26 фоизга кўтарилди. Натижада тумандаги ўқитувчиларнинг 56 фоизи юқори малакага эга педагоглардан иборат бўлди. Бугун тумандаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 847 нафар педагогнинг 389 нафари халқаро ва миллий сертификатларга эга. Уларнинг 312 нафарига қўшимча устамалар белгиланган, 100 нафардан зиёд ўқитувчининг ойлик иш ҳақи эса 1000 АҚШ долларидан ошган.
Албатта, педагоглар малакасининг юксалиши ўқувчилар натижаларида ҳам акс этмоқда. Олий таълим муассасаларига қабул қилинган битирувчилар улуши 2023 йилдаги 72 фоиздан 2026 йилда 90 фоизга етди. Шунингдек, 286 нафар ўқувчи халқаро ва миллий хорижий тил сертификатларини қўлга киритди. Туманнинг 7-сонли мактаби жамоаси “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги “Заковат” интеллектуал ўйини республика босқичида биринчи ўринни эгаллади.
Туманда болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 87,9 фоизга етди. Республика миқёсидаги “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” танловида 15-сонли ДМТТ тарбиячиси Г. Даулетова биринчи, 10-сонли ДМТТ тарбиячиси Ю. Ғайбуллаева иккинчи ўринни қўлга киритди.

Матбуот анжуманида келгусида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, умумтаълим мактабларида ҳар бир муассасанинг таълим сифати таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича алоҳида ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади. Ўқувчиларнинг билимлари диагностик баҳоланиб, қўшимча ёрдамга муҳтож болалар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилади. Математика, она тили ва ўқиш саводхонлиги, табиий фанлар ҳамда хорижий тилларни ўқитиш самарадорлигини ошириш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Педагогларнинг касбий эҳтиёжларини аниқлаш, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва рақамли саводхонликни ошириш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, ўқувчиларни фан олимпиадалари ва танловларга тайёрлаш, хорижий тиллар ҳамда ахборот технологияларини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, битирувчиларни олий таълим ва касбга йўналтириш ишлари кучайтирилади.
Болалар давоматини яхшилаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хавфсиз таълим муҳитини яратиш ва ота-оналар ҳамда маҳалла билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Матбуот анжумани сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири