Ҳунари борнинг имконияти бор
Ҳар бир инсоннинг қалбида ўз иқтидорини намоён этиш, меҳнати орқали даромад топиш ва оиласи фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш истаги яшайди. Айниқса, хотин-қизлар учун касб эгаллаш нафақат бандлик, балки иқтисодий мустақиллик, ўз кучига ишонч ва эртанги кунга мустаҳкам замин демакдир.
Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги "Бешкуби" қишлоқ фуқаролар йиғинида ўтказилган учрашув ҳам ана шу эзгу мақсадга қаратилди. "Elegant" ўқув маркази вакиллари иштирокида ташкил этилган мулоқотда ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда даромад топиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда, айниқса, касб танлашда инсоннинг қизиқиши, қобилияти ва мавжуд имкониятларини ҳисобга олиш муҳимлигига эътибор қаратилди. Зеро, муайян ҳунарни эгаллашнинг ўзи кифоя эмас , уни амалиётда қўллаш, меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш ва барқарор даромад манбаини яратиш ҳам зарур. Шу маънода, касбга ўқитиш билан бир қаторда, унинг бандликка олиб борувчи аниқ йўлларини белгилаш ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Мулоқот давомида камбағал оилалар реестрига киритилган фуқароларни давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш имкониятлари, ўқув курсларида иштирок этиш тартиби ва касбий кўникмаларни эгаллаш масалалари тушунтирилди. Бу эса имкониятдан фойдаланиш истагида бўлган хотин-қизлар учун мавжуд кўмак механизмлари ҳақида зарур маълумот олиш имконини берди.

Мазкур йўналишдаги ишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 мартдаги "Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳангдир. Ҳужжатда камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоларининг бандлигини рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этишни қўллаб-қувватлаш механизмлари назарда тутилган. Зоминдаги учрашувда касб-ҳунарга ўқитиш имкониятлари юзасидан берилган тушунтиришлар мазкур йўналишдаги вазифаларни маҳалла даражасида амалга оширишнинг аҳамиятини кўрсатади.
Албатта, бундай мулоқотларнинг самараси уларнинг давомийлиги ва амалий натижалари билан белгиланади. Касб ўрганишга бел боғлаган ҳар бир хотин-қиз учун муносиб таълим имкониятини яратиш, эгалланган кўникмаларни ишга солишга кўмаклашиш ва бандлик натижаларини кузатиб бориш муҳимдир. Ана шунда ўқув курси фақат билим олиш босқичи бўлиб қолмай, янги даромад манбаи сари ташланган ишончли қадамга айланади.

Зеро, хотин-қизларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш – оилалар фаровонлигини мустаҳкамлаш, маҳалла иқтисодий фаоллигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришнинг муҳим омилларидан бири. Зоминдаги учрашувнинг аҳамияти ҳам шунда: инсонга имконият эшигини кўрсатиш билан бирга, унинг ўз меҳнати орқали муносиб ҳаёт сари интилишига йўл очиш демакдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири