"Африка томи"ни забт этган Асал
5 895 метр баландлик. Ҳаво ҳарорати кун ботиши билан кескин пасайиб боради, кислород эса одатдагидан икки баравар кам. Бу дунёнинг энг маҳобатли нуқталаридан бири — "Африка томи" деб аталмиш Килиманжаро чўққисидир. Аксарият алпинистлар учун ҳам ушалмас орзу бўлиб қолаётган ушбу улкан чўққини ўзбекистонлик 15 ёшли Асал Мақсумова ирода ва жасорат билан забт этди.
Маълумки, Килиманжаро Танзаниянинг шимоли-шарқида жойлашган, нафақат ушбу мамлакатнинг, балки бутун Африка қитъасининг энг машҳур рамзи ҳисобланади. У ўзининг гўзаллиги, географик ва табиий хусусиятлари билан ҳам дунёга машҳур.
– Лойиҳа ғояси Президентимизнинг 2026 йил 30 июнда ёшларга мурожаатларидан сўнг пайдо бўлди, дейди – Асал Мақсудова. – Президентимиз нутқидан илҳомланиб, улар томонидан эълон қилинган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қандай ҳисса қўшишим мумкинлиги ҳақида узоқ вақт изландим. Ушбу изланиш натижасида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган "Project Independence" номли лойиҳа дунёга келди. Ушбу лойиҳанинг вазифаси дунёга Ўзбекистонда ўзини бутун сайёрага танитишга тайёр ва катта ютуқларга эришишга қодир ёшлар борлигини кўрсатишдир.
"Project Independence" катта мерос ва эътироф даражасига эга, бу катта мақсадлар учун ёш тўсиқ эмаслигини кўрсатадиган миллий миқёсдаги тадбирдир. Ушбу лойиҳа мамлакат тарихининг бир қисми ва кейинги ютуқлар учун мўлжал бўлади.

Маълумотларга кўра, мен ушбу чўққини забт этган Ўзбекистоннинг энг ёш фуқаросига айландим. Чўққида Ўзбекистон байроғини кўтардим. Килиманжаро Танзанияда жойлашган, баландлиги 5 895 метр бўлган Африканинг энг баланд стратовулканидир.
У дунёдаги энг баланд алоҳида тоғ бўлиб, машҳур "Дунёнинг 7 чўққиси" алпинизм дастури рўйхатига киритилган. Кўтарилиш 10-сентябрдан 15-сентябргача давом этди. Кундузи тоғ ёнбағири иссиқ, кечаси эса жуда совуқ эди. Кўтарилиш куни чўққида ҳаво ҳарорати тахминан −10°С эди, қор ёғаётган ва кучли шамол эсаётган эди. Мен Уҳуру чўққисига, тоғнинг энг баланд нуқтасига етиб бордим.

Ўқишдан бўш вақтларимда хайкинг билан шуғулланаман ҳамда Ўзбекистон ва чет давлатлардаги Арашан чўққиси (3750 м), Хўжа Гур Гур Ота чўққиси (3720 м), Катта Чимён (3309 м), Қозоғистондаги Богданович музлиги (3500+ м) ва бошқа чўққиларни забт этганман.
Шунингдек, Асал югуриш билан фаол шуғулланиб, йирик халқаро марафонларда иштирок этиб келмоқда.

Бугунги Ўзбекистон интилувчан, изланувчан ва ҳеч бир соҳада ортда қолмайдиган замонавий ёшлар мамлакатидир. Ҳар соҳада юксак чўққиларни забт этаётган йигит-қизларимиз юртимизнинг ҳақиқий таянчи ва келажагига айланмоқда. Асал каби шижоатли ва билимли ёшларимиз қаторида ўз иқтидори, меҳнатсеварлиги ва мақсад сари собитқадамлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёшларнинг борлиги дилни қувонтиради. Уларнинг ҳар бир ютуғи нафақат оила, балки бутун миллатнинг фахридир.
Гулноза Бобоева,ЎзА