Тадбиркор аёллар учун “Божхона иши” ўқув курслари
Хоразм вилояти божхона бошқармасида вилоятда фаолият юритаётган тадбиркор аёлларнинг божхона соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда зарур бўладиган амалий билимлар билан таъминлаш мақсадида “Божхона иши” йўналиши бўйича масофавий шаклдаги ўқув курси ташкил этилди.
Мазкур ўқув курси Божхона қўмитасининг Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда вилоятда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 50 нафарга яқин хотин-қизлар иштирок этди.
Уч кун давомида божхона институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан тингловчиларга божхона соҳасининг муҳим йўналишлари бўйича назарий ва амалий билимлар берилди.
– Машғулотлар иштирокчиларига юк операцияларини рақамлаштириш, ваколатли иқтисодий операторлар учун берилган соддалаштиришлар, товарларни жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартиблари, ташқи иқтисодий фаолиятни нотариф тартибга солиш асослари каби мавзуларда тушунчалар берилди, – дейди вилоят божхона бошқармаси “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” шуъбаси катта инспектори Илҳом Рўзметов.
Ўқув машғулотлари давомида товарларни қайта ишлаш истиқболлари, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятлари ҳамда тадбиркорлик фаолиятида божхона тартиб-таомилларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бизнесни кенгайтириш ва хорижий бозорларга чиқишда божхона соҳасидаги аниқ ва тўғри билимлар сув ва ҳаводек зарур, – дейди тадбиркор Зеваржон Полванова. – Шунингдек, тадбиркорликда ҳар бир дақиқа ва тўғри қарор муҳим аҳамиятга эга. Илгари божхона амалиётларига оид айрим жараёнларда мутахассис ёрдамига эҳтиёж сезардик. Ушбу курс орқали эса бевосита божхона соҳаси вакилларидан божхона расмийлаштируви ва зарур ҳужжатларни тайёрлаш бўйича кўплаб саволларимизга содда ва тушунарли тилда аниқ, амалий жавоб олдик. Тадбиркор аёлларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва шароитлар бизни янги лойиҳаларни амалга оширишга ва экспортимизни кенгайтиришга янада руҳлантиради.
Курс доирасида тингловчилар учун амалий машғулот ҳам ташкил этилиб, улар “Урганч” ТИФ божхона постида бўлди ва амалдаги божхона тартиб-таомиллари билан яқиндан танишди.
[gallery-31861]
Тадбир якунида ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари