Ёшлар билан мулоқот
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
“Ғаллакон” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган мазкур учрашувда ишсиз ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва бандлик масалаларига амалий ечим топишга эътибор қаратилди.
Мулоқотда Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғ.Шодиев, сув хўжалиги тизими ташкилотлари раҳбарлари, ҳоким ёрдамчиси, маҳалла еттилиги вакиллари, ёшлар етакчиси ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Учрашувда ёшларнинг қизиқишлари, касб танлашга бўлган интилишлари ва иш билан таъминланиш борасидаги эҳтиёжларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Касб-ҳунар эгаллаш истагидаги ёшларни тегишли йўналишларга жалб қилиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашни мақсад қилганларга кўмаклашиш, шунингдек, мавжуд бўш иш ўринларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Мутасаддилар ёшларни иш билан таъминлаш имкониятлари, давлат томонидан яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида уларнинг ота-оналарига ҳам батафсил маълумот берди. Зеро, ёшларнинг бандлигини таъминлашда оила, маҳалла ва масъул ташкилотларнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.

Ёшларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ва уларни ҳал этишга қаратилган бундай мулоқотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари билан ҳамоҳангдир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 февралдаги 78-сон қарорида ёшларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ маъмурий жараёнларни такомиллаштириш, аризаларни электрон платформалар орқали кўриб чиқиш тартиблари белгиланган. Бу каби чоралар ёшларнинг мавжуд имкониятлардан фойдаланишини енгиллаштиришга хизмат қилади.

Бахмал туманидаги очиқ мулоқот якунида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ишларни тизимли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва мавжуд имкониятлардан фойдаланишга кўмаклашиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири