Марказий Осиё: Аҳиллик ва интеграция сари
Ташқи сиёсатдаги стратегик йўналишлар ва минтақавий ҳамкорлик масалалари бугун нафақат сиёсатчилар, балки кенг жамоатчилик эътиборида турган энг муҳим мавзулардан биридир. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий йўли иккита кескин фарқланувчи даврни бошдан кечирди. Мустақилликнинг илк давридан 2017 йилгача бўлган босқич асосан эҳтиёткорлик ва маълум маънода изоляция сиёсати билан тавсифланган бўлса, 2017 йилдан бошланган янги даврда мамлакат ташқи дунёга, аввало, ўз қўшниларига тўлиқ очилди. Бугун Тошкент Марказий Осиёдаги геосиёсий жараёнларнинг ва минтақавий интеграциянинг ҳақиқий бош драйверига айланди.
Асосийси, Марказий Осиё азалдан халқларининг томирлари бир-бирига туташиб кетган ягона маданий, этник ва тарихий макон бўлиб келган. Бу ерда яшаган қардош миллатлар асрлар давомида ягона иқтисодий ва маданий муҳитда, чамбарчас қариндошлик ришталари билан аҳил-иноқ умргузаронлик қилган. Бироқ Чор Россияси ва кейинчалик Совет ҳокимияти томонидан олиб борилган “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” сиёсати, хусусан, 1924–1925 йиллардаги миллий-ҳудудий чегаралаш ушбу яхлитликка жиддий путур етказди. Ёнма-ён яшаб келган халқлар бир кечада сунъий чегаралар билан ажратиб қўшилди. Айниқса, Фарғона водийсидаги Сўх, Ворух, Шоҳимардон каби анклавлар ва ноаниқ чегара чизиқлари келажакда доимий низо ва ижтимоий зўриқиш келтириб чиқарувчи “мина” сифатида қолдирилди.
Мустақилликнинг илк чорак асрида сақланиб қолган ёпиқлик ва ўзаро ишончсизлик сиёсати бу аҳволни янада оғирлаштирди. Чегараларнинг миналаштирилиши ва қатъий виза режимлари сабабли яқин қариндошлар 10-15 йиллаб бир-бирини кўра олишмади, тўй-маърака ва фожиаларда ҳам дийдорлашиш имконидан маҳрум бўлишди. Анклавлар атрофида сунъий тўсиқлар ва фожиали ҳолатлар кузатилди. Бундай изоляция ва ички бўлиниш геосиёсий жиҳатдан Марказий Осиёни заифлаштириб, ташқи кучлар учун минтақа устидан ўз манфаатларини юритиш имконини берди.

Мустақил ва турли манфаатларга эга давлатларни ягона мақсад атрофида бирлаштириш жуда мураккаб жараёндир. Бироқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва “аввало қўшнилар” тамойили минтақада “девор эмас, кўприк барпо этиш” ғоясини ҳақиқатга айлантирди.
Дунё дипломатияси тажрибасида янги сайланган давлат раҳбарлари одатда ўзларининг илк расмий ташрифини глобал куч марказларига амалга оширишади. Аммо Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 6-7 март кунлари илк давлат ташрифини айнан қўшни Туркманистонга амалга ошириб, бутун халқаро ҳамжамиятга аниқ ва очиқ сигнал берди: Ўзбекистон учун энг устувор манзил – бу йирик куч марказлари эмас, айнан ўз қардошлари ва яқин қўшниларидир.
Ушбу прагматик ва очиқ сиёсий ирода сабабли қисқа фурсатда минтақавий муносабатлар иқлими бутунлай ўзгарди. 2018 йилда Тожикистон билан чегарадаги ўн йиллаб сақланиб келинган миналар тўлиқ тозаланди ҳамда 30 кунгача визасиз режим жорий этилди. Қозоғистон билан 90 кунгача визасиз режим ва Қирғизистон билан ID-карта орқали чегарадан эркин ўтиш йўлга қўйилди. Чегаралар очилган илк кунларда ўн йиллаб бир-бирини кўрмаган одамларнинг дийдорлашуви, чегара ўтказиш пунктларида тожик, ўзбек ва қирғиз оилаларининг байрам қилиб ош дамлаганлари бутун жаҳон ОАВларида таъсирли воқеа сифатида ёритилганини бугун кўпчилик жуда яхши эслайди.
Кўп йиллик чегара низоларига барҳам берилиб, 2025 йил март ойида уч давлат - Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегаралари кесишган нуқтада “Дўстлик стелласи” ўрнатилиши тарихий воқеага айланди. Ҳозирда ўзаро қўшничилик ва савдо алоқаларини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг қўшни давлатлар ўртасида 30 дан ортиқ божхона постлари самарали ишлаб турибди.
Олиб борилган очиқлик сиёсати ва транспорт-туризм инфратузилмасининг ривожланиши натижасида одамларнинг ўзаро борди-келдиси ва туристик оқими мисли кўрилмаган даражада ортди. Масалан, 2026 йилнинг дастлабки 8 ойида айнан туристик ва ташриф мақсадларида Қирғизистондан 2,5 миллион, Қозоғистон ва Тожикистондан 2 миллиондан ортиқдан, Туркманистондан эса 224 мингдан зиёд фуқаро Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Иқтисодий ва савдо соҳасидаги кўрсаткичлар ҳам зафарли одимлардан далолат беради. 2016 йилда минтақавий савдо кўрсаткичи атиги 2,4 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдоси рекорд даражага - 7,7 миллиард долларга етди. Жорий 2026 йилнинг дастлабки 7 ойида эса минтақалараро ўзаро савдо яна 25,4 фоизга ошиб, 8,1 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Дунё ҳамжамияти томонидан прагматик дипломатиянинг ёрқин намунаси сифатида кенг эътироф этилган, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган тарихий ташаббусни алоҳида таъкидлаш жоиз. Айнан ушбу ташаббус асосида 2018 йилдан бери мунтазам ўтказиб келинаётган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий муаммоларни ташқи воситачиларсиз, самимий ва оилавий муҳитда ҳал этишнинг ноёб ҳамда мустаҳкам механизмига айланди.
Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида Президент Шавкат Мирзиёев минтақавий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқувчи комплекс ташаббусларни илгари сурди. Сўнгги йилларда минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит қарор топди: етакчилар тез-тез учрашиб, долзарб масалаларни очиқ муҳокама қилмоқда ва ўзаро қўллаб-қувватлаш орқали самарали ечимлар топмоқда. Бу борада “XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида “Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома”нинг тузилиши минтақани халқаро майдонда янада ишончли ва жипслашган куч сифатида намоён этган тарихий воқеага айланди. Маслаҳат учрашувларининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш орқали бу ижобий ўзгаришларни келгуси ўн йилликлар давомида барқарор қилиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Иқтисодий соҳада оддий савдо-сотиқдан сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиш, яъни 2035 йилгача мўлжалланган кенг қамровли минтақавий дастур асосида “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” тамойили бўйича қўшма қиймат занжирларини яратиш зарурлиги таъкидланди. Ушбу мақсадда қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник қўллаб-қувватлаш бўйича махсус платформа яратиш ва 2027 йилда Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш таклиф этилди. Шунингдек, минтақани глобал савдонинг йирик қуруқликдаги марказига айлантириш учун Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгаш тузишни тезлаштириб, унинг илк мажлисини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.
Энергетика ва экология йўналишида кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепция тайёрлаш, сув ресурсларидан фойдаланишда “Амалий чора-тадбирлар ўн йиллиги”ни амалга ошириш, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда сув масалаларида Афғонистон билан минтақа давлатлари манфаатларига мос доимий мулоқот ўрнатиш муҳимлиги кўрсатилди. Рақамли ва ижтимоий соҳаларда эса Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянс ва уларнинг ягона рақамли харитасини тузиш, Умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш ҳамда меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, истиқболли касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш белгиланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий доктринаси прагматизм, очиқлик ва миллий манфаатларни минтақавий барқарорлик билан уйғун ҳолда устувор деб билиш тамойилларига асосланган. 1991-2017 йиллардаги “мудофаавий” ва “ёпиқ дипломатиядан” 2017-2026 йилларга келиб “фаол ва ташаббускор” дипломатияга ўтилиши мамлакатимизни халқаро муносабатларнинг ишончли ва етакчи ҳамкорига айлантирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Маслаҳат учрашувидаги нутқида таъкидлаганидек: “Сўнгги йилларда биз кўп нарсага эришдик. Энди бу ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлигимизни келгуси ўн йилликлар давомида барқарор қилиш муҳимдир. Формула оддий: тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч. Келгуси авлодларга қандай минтақа қолдиришимиз учун жавобгармиз. У тинч, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан кучли бўлиши ва одамларга муносиб яшаш, меҳнат қилиш, ўқиш ҳамда фарзандларни вояга етказиш имкониятларини бериши керак”.
Бугун Ўзбекистон раҳбари нафақат мамлакатимиз, балки БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва МДҲ каби нуфузли минбарларда бутун Марказий Осиё халқларининг овози ва манфаатларини баралла ифода этмоқда. Марказий Осиё энди қоғоздаги келишувлар ҳудуди эмас, барқарор ривожланиш ва одамлар ҳаётини яхшилаш учун имкониятлар биргаликда ишга солинадиган ягона ва аҳил макондир.
Шерали МАМАДЕЦОЕВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти
Кенгаши депутати
ЎзА