Ректор ва ёшлар учрашувида келажак касблари муҳокама қилинди
Пайшанба — Ёшлар куни доирасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиалида Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали директори, техника фанлари доктори (DSc), профессор Зафар Ҳакимов иштирокида «Ректор ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган тадбир ўқувчилар ва педагоглар учун мазмунли суҳбат, фикр алмашиш ҳамда савол-жавобларга бой бўлди.
Мулоқот давомида ёшларни қизиқтирган асосий масалалар — келажакда касбини тўғри танлаш, замонавий мутахассисликларни эгаллаш, олий таълим имкониятларидан самарали фойдаланиш ва илм-фан сирларини чуқур ўрганиш ҳақида сўз юритилди. Профессор Зафар Ҳакимов ўқувчиларнинг саволларига жавоб берар экан, билим олиш, мунтазам изланиш ва замонавий технологияларни пухта ўзлаштириш ёшларнинг келажакдаги муваффақиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Учрашувда институтдаги таълим йўналишлари, талабалар учун яратилган шароитлар ва назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлаш имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Айниқса, киберхавфсизлик ва сунъий интеллект каби истиқболли соҳаларга бағишланган суҳбатлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Мулоқот чоғида ушбу йўналишларга қизиқувчи ўқувчилар учун институт филиалидаги Киберхавфсизлик ва сунъий интеллект ўқув марказига экскурсия ташкил этиш, шунингдек, мактабда профессор-ўқитувчилар иштирокида амалий машғулотлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур ташаббуслар ёшларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, рақамли технологиялар бўйича кўникмаларини ривожлантириш ва касбий қизиқишларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўқувчилар нафақат касб танлаш ва таълим олиш, балки профессор-ўқитувчилик фаолияти, илмий изланишлар олиб бориш ҳамда профессорлик даражасига эришиш йўллари билан ҳам қизиқдилар. Бу эса ёшларнинг илм-фанга бўлган қизиқиши, мустақил изланишга интилиши ва юксак мақсадларни кўзлаётганидан далолат беради.

Учрашувнинг эътиборга молик жиҳатларидан бири астрономия фанига қизиқувчи ўқувчиларнинг ташаббуси бўлди. Улар мактабда осмон жисмларини кузатиш ва астрономик ҳодисаларни чуқурроқ ўрганиш учун телескоп зарурлигини билдирдилар. Ёшларнинг таклифи қўллаб-қувватланиб, институт томонидан мактабга телескоп совға қилиниши маълум қилинди. Бу эса ўқувчиларнинг илмий қизиқишларини рағбатлантириш ва астрономияга оид билимларини амалий кузатувлар орқали бойитиш учун янги имконият яратади.

— Бугунги «Ректор ва ёшлар» учрашуви нафақат ўқувчиларимиз, балки биз, устозлар учун ҳам фойдали бўлди. Профессор ўз ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашиш баробарида, таълим тизимида ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, касб-ҳунар ўрганиш ва олий таълим олиш борасидаги шарт-шароитлар ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар берди. Ўйлайманки, бу мулоқот ўқувчиларимизни ўз устида ишлашга, қизиққан соҳалари бўйича чуқур билим олишга ва келажакда ўз йўлларини топишга ундайди, — дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Бердиқул Қўлдошов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири