Тадбир мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланди
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар юрт озодлиги ва тинчлигининг қадрини ёш авлод онгига янада чуқур сингдиришга хизмат қилмоқда. Бундай учрашувларда тарихий хотира билан бугунги кун, Ватанга муҳаббат билан келажакка ишонч туташади. Зеро, истиқлолни асраш аввало унинг қимматини англаган, тақдири ва масъулиятини юракдан ҳис этган авлодни тарбиялашдан бошланади.
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги "Увоп” спорт-соғломлаштириш оромгоҳида Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спортчи-ўқувчилари билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган ватанпарварлик тадбири ўтказилди.
Тадбирда ҳарбий хизматчилар, фахрийлар, марказ раҳбарияти ҳамда спортчи-ўқувчилар иштирок этишди. Мулоқот давомида ёшларда Ватанга муҳаббат, садоқат, мардлик ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлаш, мустақилликнинг қадр-қимматини англаш ҳамда юрт тинчлигини асрашнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ҳарбий хизматчилар ва фахрийлар билан бевосита мулоқот эса ёшларнинг Ватан ҳимояси, тинчлик ва осойишталикнинг нечоғлиқ улуғ неъмат эканини теранроқ англашига ёрдам берди.


Жиззахдаги спортчи-ўқувчилар билан ўтказилган ватанпарварлик учрашуви ҳам ана шу умуммиллий маънавий-маърифий ҳаракатнинг узвий бир кўринишидир. Зеро, юртимиз шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қиладиган спортчи учун Ватан тушунчаси фақат мусобақа майдонидаги ғалаба эмас. Унинг замирида байроққа ҳурмат, юртга садоқат, эл ишончини оқлаш ва тинч осмоннинг қадрини билишдек юксак туйғулар мужассам.

Бугун спорт билан шуғулланаётган ҳар бир ёшнинг ҳам қалбида ғалабага интилиш билан бирга, юртга дахлдорлик ҳисси ҳам мустаҳкамланиши муҳим. Чунки эртанги Ўзбекистоннинг қиёфасини билимли, иродали, жисмонан бақувват, маънан етук ва Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган авлод белгилайди.

Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган бундай тадбирлар эса бир ҳақиқатни ёшлар қалбига қайта-қайта муҳрлайди: Ватан — туғилиб ўсган маскангина эмас, унинг тинчлиги, тараққиёти ва шаъни учун масъулиятни ҳис этишдир. Бу туйғу қалбда мустаҳкам қарор топса, истиқлолнинг қадри ҳам, уни асраш масъулияти ҳам авлоддан авлодга ишонч билан ўтаверади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири