Табиий фанлар: долзарб масалаларга бағишланган конференция
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Табиий фанлар факультетида “Табиий фанларнинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-назарий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур конференция табиий фанлар соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар натижаларини муҳокама қилиш, замонавий илм-фан ютуқлари билан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўтказилди.

Тадбирда республикадаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларидан профессор-ўқитувчилар, олимлар, тадқиқотчилар, докторантлар ҳамда иқтидорли талабалар иштирок этди. Конференциянинг очилиш пленар мажлисида биология, экология, кимё, география, физика ва табиий фанларнинг бошқа йўналишларига оид долзарб масалалар бўйича илмий маърузалар тингланди. Шунингдек, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, замонавий инновацион технологияларни таълим жараёнига жорий этиш ҳамда ёш олимларнинг илмий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Конференция иштирокчилари илмий-тадқиқот натижалари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Тадбир якунида конференциянинг табиий фанлар ривожи, илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва ёш олимларни рағбатлантиришдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Конференция белгиланган шўъбалар бўйича ўз ишини давом эттирди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.