Ғолиблар республика босқичида қатнашади
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги спорт мактабида белбоғли кураш бўйича вилоят чемпионатининг саралаш мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақанинг тантанали очилишида таъкидлаб ўтилганидек, кураш – энг қадимий спорт турларидан ҳисобланиб, уч минг йиллик тарихга эга. Йиллар ўтиб, у миллий қадриятларимиздан бири сифатида оммалашиб, бугунги кунда йирик спорт йўналишига айланди.


Вилоят чемпионатида 12 та тумандан 200 дан ортиқ курашчилар бел олиш учун тўпланди. 2006-2008 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар икки кун давомида ғолиблик учун гиламда куч синашди.

Тадбирда Наманган вилояти белбоғли кураш федерацияси раиси, Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Неъматулла Тўйчиев бундай спорт тадбирлари ўсиб келаётган ёш авлодни нафақат жисмонан чиниқтириш, балки полвонларни мард ва ориятли этиб тарбиялашга хизмат қилажагини таъкидлади.

Мусобақа ғолиблари аниқланиб, муносиб тақдирланди. Энг кучли паҳлавонлар Навоий вилоятида бўлиб ўтадиган республика босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА