Педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Ангор туманида мактабгача таълим тизимида замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда педагогларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўйинга асосланган таълим: педагогик инновациялар ва дидактик ўйинлар фестивали” ташкил этилди.
Фестивалда давлат мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари иштирок этиб, таълим жараёнида ўйин методикасининг самарадорлигини ошириш, инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш ва дидактик материаллар яратиш борасидаги тажрибасини намойиш этди. Тадбир педагогларнинг ижодий имкониятларини ривожлантириш, ўйин орқали таълим бериш методикасини кенг оммалаштириш ҳамда “Илк қадам” миллий ўқув дастури асосида илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадига қаратилди.
[gallery-29488]
Иштирокчи жамоалар қисқа вақт ичида болаларнинг ёш хусусиятлари ва психологик жиҳатларини инобатга олган ҳолда қизиқарли, хавфсиз ва ривожлантирувчи дидактик ўйинлар яратиб, ҳакамлар ҳайъатига тақдим этди. Ушбу ишларда таълим ва ўйинни уйғунлаштириш, болаларнинг фикрлаш доирасини кенгайтиришга қаратилган янги ғоялар ҳамда ижодий ёндашувлар ўз аксини топди.
Якуний натижаларга кўра, тумандаги 5-давлат мактабгача таълим ташкилотининг “Зукко тарбиячилар” жамоаси биринчи, 11-давлат мактабгача таълим ташкилотининг “Ижодкорлар” жамоаси иккинчи, 2-давлат мактабгача таълим ташкилотининг “Ақлвой” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА