Ўзбекистон тараққиёти формуласи нимада ёхуд катта арава қайси йўлдан юрса, кичик арава ҳам шу йўлдан юради
Сарлавҳанинг биринчи қисмини ўқиб, кўпчилик бу арифметик теорема ёки баландпарвоз шиор ёки катта-катта рақамлардан иборат таҳлил, деб ўйлаши мумкин. Лекин ундай эмас. Бу – Ўзбекистон тараққиёти, юрт баракасининг асосий сабабларидан бири бўлган ўзбекчилик, инсонийлик характерига эга Ўзбекистон Президентининг сиёсати формуласи.
Узоққа бормайлик, кичик бир оилага қаердан барака келади? Қачонки рўзғорда тинчлик бўлса, қачонки ёши улуғлар эъзозланса. Бу оддийгина оиланинг баракаси. Энди шуни мамлакат миқёсида англаш учун бугун Шавкат Мирзиёевнинг шахсияти ва сиёсатига назар солишнинг ўзи кифоя. Шунда юрт баракаси, тараққиёти формуласини теран англайди киши. Бунинг учун иқтисодиёт фанлари доктори бўлиш шарт эмас.
Бугун Ўзбекистонга барака қаердан келяпти?! Тараққиёт формуласи қаерда!? Четдан қараган инсон, тўғри, бу иқтисодий ўсишларни давлат раҳбарининг ташқи сиёсатдаги дўстона муросалари, мамлакат ичидаги жонбозликлари маҳсули дейиши мумкин, лекин буни ҳам инкор қилмаган ҳолда шу юртнинг бир ўзбек фарзанди, ўзбек оиланинг вакили сифатида яна бир эътибор қаратиш керак бўлган жиҳат борки, бу барака, бу тараққиёт – дуода!
Президентимиз бу борада етимлар, ногиронлиги бўлган болалар, боқувчисини йўқотган ўғил-қизлар – умуман, ижтимоий кўмакка муҳтож барча инсонларнинг бошини силаш сиёсати орқали юрт учун энг катта дуони олаётган бўлса, мен тўхталмоқчи бўлган яна бир жиҳат борки, давлат раҳбари – ёши улуғ инсонларни ҳам доим эъзозлаб, қўллаб-қувватлайди.
Мана, узоққа бормайлик. Ўзбекистон Президенти 8 май куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини зиёрат қилиб, байрам билан табриклади. Энг қувонарли томони, бу охирги йилларда анъанага айланди. Бу, назаримда, Президентнинг вақти кўплиги ёки байрам олди илтифотида эмас, менимча, шундай катта масалалар бўлса-да, бунга шахсан вақт ажратишида. Ажратганда ҳам, нафақат Президент сифатида, балки юртнинг бир фидойи фарзанди сифатида кўрсатган намунаси аслида.
Ойинайи жаҳон орқали кўпчилик кўрган бўлса керак: Президент уруш қатнашчилари билан ота-ўгилдек, жойи келганда, улардан ҳам самимий мулоқотда бўлди (тан олиш керак, кўпчилик ота-онаси билан бундай дилдан суҳбатлаша олмайди). Ўтган йилги воқеани ҳам кўпчилик эсласа керак: уй-жойга эҳтиёжи бор сирдарёлик отахонга Президент янги уй совға қилган эди. Бу йил ҳам мамлакат раҳбарига қалбидагини эмин-эркин айта олган Тошкент вилоятидан бўлган уруш қатнашчисига автомобил совға қилди.
Аслида, Президентнинг бундай хатти-ҳаракатлари кўпчилик учун оддий бўлиб туюлиши мумкин, лекин бу катта намуна тимсоли. Бошқа амалдорларни, халқни кексаларни эъзозлаш, қадрлашга чорлов бўлиши билан ҳам янада ҳамиятли.
Энди сўзим аввалида айтган Ўзбекистоннинг тараққиёти, юртимиз баракаси формуласига яна тўхталадиган бўлсам, Президентнинг уруш қатнашчилари, нуронийлар билан бўлган суҳбатида “Сизларнинг дуоларингиз юртимиз учун омонлик, ишларимизга баракадир”, дея айтган шу гапи фикримни яна ҳам яққол тасдиқлайди.
Сўзим хулосасини шундай якунлашни лозим топдим. Ўзбекларда “Дуо билан эл кўкарар”, деган мақол бор. Бугунги кўкариш, барака формуласи мана шундай эъзоз ва дуода бўлса, ажабмас. Яна бир жиҳат борки, ўзбекчиликдаги кексаларни қадрлаш, зиёрат қилиш каби бу олий қадриятни бугунги ва келажак авлодга бекам-у кўст етказишда ҳам шахсан Президентнинг ўзи намуна бўлаётгани бир ўзбек фарзанди сифатида мени жуда хурсанд қилади.
Халқимизда шундай нақл бор: “Катта арава қайси йўлдан юрса, кичик арава ҳам шу йўлдан юради…”