Сурхондарёда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
Сурхондарёда Давлат хавфсизлик хизмати катта миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйди. Чегарадан олиб ўтилган 5 килограммдан ортиқ опий мусодара қилиниб, икки шахс қўлга олинди.
Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш борасида тизимли ва қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида катта миқдордаги наркотик модда мусодара қилинди.
Маълум қилинишича, ДХХ Чегара қўшинлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Термиз туманида тезкор тадбир ташкил этилган. Унинг давомида Термиз шаҳрида яшовчи, 1972 ва 1995 йилларда туғилган икки нафар фуқаро жами 5 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 5 килограмм 362 грамм бўлган «опий» моддасини шартли харидорга сотаётган пайтида қўлга олинган.
Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари уларга қўшни Афғонистондаги наркокурьерлар томонидан етказиб берилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, гумон қилинувчиларнинг бири муқаддам ўғирлик, иккинчиси эса гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун илгари судланган шахслар ҳисобланади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА