Нукусда халқаро кимё олимпиадаси муваффақиятли якунланди
Жорий йилнинг 3-10 ноябрь кунларида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси (ARBIChO) бўлиб ўтди.
Бир қатор мамлакатлардан ташриф буюрган мактаб ўқувчиларининг деярли бир ҳафта давомида кимё фанига оид назарий билимлари ва амалий кўникмаларини синовдан ўтказишди.
Халқаро кимё олимпиадаси якунида ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Мурат Атамуратов, Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Меҳринисо Пардаева, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг биринчи вице-президенти Шомансур Сагдуллаев, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шакирова, Фан олимпиадалари маркази директори, ARBIChO 2026 Ташкилий қўмитаси раиси Тўрабой Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Аманжол Аяпов иштирок этди.
[gallery-32434]
Халқаро олимпиада якунида Қозоғистондан Абдизҳан Ибраимов, Россиядан Иван Овчинников, Михаил Иноземцев, Владислав Колмаков Динияр Галимов, Ибрагим Шаикҳутдинов, Исроилдан Арбел Адар, Туркманистондан Палван Илмаммедов, мамлакатимиз вакиллари Зулайҳо Эргашбоева, Шодиёна Абдулмахмудова, Фозилбек Рискулов ва Жасур Мустафоевлар олтин медалга сазовор бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 4 та олтин, 6 та кумуш ва 6 та бронза, жами 16 медаль ҳамда амалий синов бўйича тўлиқ ғалабани қўлга киритди.
Абу Райҳон Беруний номидаги III Халқаро кимё олимпиадаси иштирокчилари Хивадаги қадимий ва бетакрор меъморий обида – Ичан қалъага ташриф буюрди. Меҳмонлар халқимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари ва бетакрор меъморий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
– Нукус шаҳрида биринчи марта бўлишим ҳам менда катта таассурот қолдирди. Халқаро олимпиада юқори савияда ташкил этилган. Иштирокчилар пухта тайёргарлик билан келишган. Ўзим бронза медалини олишга муваффақ бўлдим. Келгусида олтин медаль олишга ҳаракат қиламан, – дейди Қирғизистондан келган мактаб ўқувчиси Улуғбек Токтегенов.
Маълумот ўрнида, ушбу халқаро олимпиадада олтин медаль соҳибига – 12 базавий ҳисоблаш миқдори (5 миллион 280 минг сўм), ўқитувчисига – 50 базавий ҳисоблаш миқдори (22 миллион сўм), кумуш медаль соҳибига – 8 базавий ҳисоблаш миқдори (3 миллион 520 минг сўм), ўқитувчисига – 35 базавий ҳисоблаш миқдори (15 миллион 400 минг сўм), бронза медаль соҳибига – 6 базавий ҳисоблаш миқдори (2 миллион 640 минг сўм), ўқитувчисига – 30 базавий ҳисоблаш миқдори (13 миллион 200 минг сўм) да бир марталик пул мукофоти берилади.
Халқаро ва минтақавий халқаро олимпиада ғолиблари олий ўқув юртларига киришда ўз фанидан максимал баллга эга бўлади. Шунингдек, ғолибларнинг устози бевосита олий тоифа олади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА