Ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида олий даражадаги учрашув бўлиб ўтди. Тадбир трансмиллий таълимни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланди.
Британия Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган учрашувда Кенгаш бош директори Скотт Макдональд, Таълим ва илм-фан вазирлиги, трансмиллий таълим дастурига ҳамкор бўлган университетлар вакиллари, академик ҳамжамиятлар раҳбарлари, шунингдек, олий таълим муассасалари битирувчилари иштирок этди.
Тадбирда миллий таълим тизимини ислоҳ қилиш, таълим сифатини ошириш ва халқаро миқёсда рақобатбардош ОТМларини ривожлантиришда шерикликнинг ўрни алоҳида кўриб чиқилди. Британия Кенгаши буюртмаси асосида тайёрланган «Буюк Британия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги доирасида трансмиллий таълим сифатини таъминлаш» номли тадқиқот ҳисоботининг тақдимоти тадбирнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Унда мамлакатимизда таълим сифатини таъминлаш ва Британия академик стандартларини жорий этиш механизмлари чуқур таҳлил қилинган.
[gallery-32422]
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ректори доктор Комилжон Каримов ва Скотт Макдональд икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш муҳимлигини қайд этдилар. Тадқиқот натижаларида British Management University, TEAM University, UDEA, PTU ва IAU каби ҳамкор олий таълим муассасаларининг амалий тажрибаси ҳам ўз ифодасини топди.
Иштирокчилар тадқиқот тавсиялари, таълим сифатини таъминлаш механизмлари, университетлараро шерикликни мустаҳкамлаш ва профессор-ўқитувчилар таркибини ривожлантириш каби масалаларни муҳокама қилдилар. Тадбир сўнггида Британия университетлари ва трансмиллий таълим дастурлари битирувчилари ўзларининг амалий тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Ораш Акабоев,
Ўктам Хайитов (фото), ЎзА