Сурхондарёда бошқарув самарадорлиги қандай оширилмоқда?
Термизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Сурхондарё вилояти филиалининг жорий йил тўққиз ойида давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширган ишларига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда атрофлича фикр алмашилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Закирова агентликнинг Сурхондарё вилоят филиали раҳбари Акмал Розиқов агентлик вазифалари ва вилоятда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

Мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш, давлат органлари фаолиятида натижадорликни таъминлаш, раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш ва профессионал давлат хизматчилари корпусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентнинг 2025 йил 19 июндаги “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2025 йил 21 октябрдаги “Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2025 йил 6 декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борадаги ишлар сифатини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 октябрдаги “Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ шу йил 1 январдан Сурхондарё вилояти, туман, шаҳар ҳокимликлари бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича тажриба-синов тариқасида янги тартиб жорий этилди. Шунга кўра, ҳокимликларнинг янги ташкилий таркибига ахборот-таҳлил гуруҳи, энергия менежери, рақамлаштириш офиси ва ижро аппарати раҳбари каби янги лавозим ҳамда тузилмалар киритилди. Вилоят ҳокими ўринбосарлари лавозимининг чекланган сони олти нафар, туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари сони тўрт нафар этиб белгиланди.

Бу ўзгаришлар бошқарув аппаратини ихчамлаштириб, вазифаларни аниқ тақсимлаш, ортиқча маъмурий жараёнларни қисқартириб, ҳар бир раҳбарнинг ўз йўналиши бўйича натижа учун шахсий масъулиятини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари ҳамда ҳокимликлар бошқарув аппарати ходимларининг фаолияти қайта кўриб чиқилиб, улар учун натижадорликка асосланган янги самарадорлик кўрсаткичлари – KPI тизими шакллантирилди.

Таҳлиллар янги тизим маҳаллий масалаларни ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва идоралараро ҳамкорликни кучайтиришда ижобий натижа бераётганини кўрсатди. Масалан, Ангор туманида ўтган йил биринчи чорагига нисбатан 2026 йил биринчи чорагида аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилган комплекс хизматлар 5 минг 240 тадан 7 минг 860 та ёки 50 фоизга, тадбиркорлик субъектларига хизматлар 680 тадан 1 минг 120 та ёхуд 64,7 фоизга, аҳолига ижтимоий ва коммунал хизматлар 2 минг 450 тадан 3 минг 920 та ёки 60 фоизга ошган. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 14 кундан 5 кунга қисқариб, такрорий мурожаатлар 402 тадан 300 тага камайган.
Жарқўрғон туманида 2026 йил биринчи чорагида келиб тушган 2 минг 884 та мурожаатнинг 1 минг 410 таси, яъни 48,9 фоизи жойида ҳал этилган. Маҳаллаларда аниқланган 702 та муаммонинг 431 таси белгиланган муддатда бартараф этилган. “e-qaror”, “e-xat” ва “edo.ijro.uz” тизимлари билан ишлаш қарор қабул қилиш муддатларини ўртача 10-15 кундан 4-5 кунгача қисқартиришга хизмат қилган. 4 минг 29 та топшириқдан 3 минг 742 таси ўз вақтида бажарилиб, ижро кўрсаткичи 92,9 фоизни ташкил этган. Инфратузилма масалаларини ҳал этиш муддати 30-45 кундан 15-20 кунга тушган.
Қурилиш соҳасида айрим хизматлар ваколатларининг вилоят даражасида марказлаштирилиши натижасида бир ойлик хизматлар ҳажми 1 минг 33 тадан 1 минг 615 тага яъни, 56,3 фоизга ошган, хизмат кўрсатиш муддати эса 3 кундан 7 кунгача узайган.

– Шунингдек, юридик хизматлар ҳужжатлари ҳажми ўртача 30 фоизга, айрим ҳудудларда кадрлар бўлинмалари иш юкламаси 2,5 бараварга ошгани қайд этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Сурхондарё вилояти филиали раҳбари А. Розиқов. – Ахборот хизмати раҳбари ва давлат тили бўйича маслаҳатчи вазифаларининг бир лавозимда бирлаштирилиши ҳам иш юкламаси ва ҳужжатлар сифатига таъсир кўрсатган. Электрон платформаларнинг тўлиқ интеграция қилинмагани ҳам қўшимча вақт талаб этмоқда. Шу боис ваколат ва ҳисобдорлик чегараларини аниқ белгилаш, қурилиш соҳасида марказлаштирилган ваколатларни қайта кўриб чиқиш, юридик ва кадрлар хизматларини кучайтириш, ахборот хизмати ҳамда давлат тили бўйича маслаҳатчи лавозимларини ажратиш, электрон тизимларни интеграция қилиш ва бўлинмаларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

Анжуманда Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман, шаҳар лойиҳаси, ҳудудлар кесимидаги айрим ижтимоий-иқтисодий натижалар, инсон ресурсларини бошқариш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, миллий кадрлар захираси билан ишлаш, давлат фуқаролик хизматига очиқ ва шаффоф танловлар, халқаро ҳамкорлик, раҳбарлар фаолиятини KPI асосида баҳолаш натижалари, давлат хизматчилари ва фуқаролар учун яратилган электрон имкониятлар, келгусидаги вазифалар юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилди. Иштирокчиларнинг таклиф ва тавсиялари тингланди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири