Оилани асраш — ажримдан кейин эмас, муаммодан олдин бошланади
Оилавий ажримларнинг олдини олиш фақат бирор идора ёки ташкилотнинг вазифаси эмас. Бу — маҳалладан тортиб таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва соғлиқни сақлаш тизимигача бўлган барча тузилмаларнинг ҳамжиҳатликдаги масъулиятини талаб этадиган долзарб масала. Зеро, гап фақат парчаланиш ёқасига келган оилани сақлаб қолиш ҳақида эмас, балки унинг мустаҳкам пойдеворини яратиш, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш ҳақида бормоқда. Бу эса бугунги куннинг энг оғриқли ва долзарб масалаларидан биридир.
Ана шу заруратдан келиб чиқиб, Гулистон шаҳридаги Ҳунармандлар масканида Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, миллий қадриятларни тарғиб этиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибаева, адлия, суд, мажбурий ижро, ички ишлар, ФҲДЁ, маҳалла, «Нуроний» жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими тизимлари вакиллари, олий таълим муассасалари ҳамда туман ва шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари иштирок этишди.
Йиғилиш кун тартибидан оилавий ажримларнинг олдини олиш борасидаги мавжуд ҳолат, муаммолар ва уларнинг ечимлари ўрин олди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи давомида оилавий ажримларни камайтириш юзасидан белгилаб берилган вазифалар ҳамда ушбу йўналишда шаклланган «Андижон тажрибаси»ни Сирдарё вилоятида тизимли жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур тажриба асосида маҳаллаларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар, отинойилар фаолияти ҳам муайян натижалар бермоқда. Жумладан, улар томонидан вилоят маҳаллаларида 1 687 та тарғибот тадбири ўтказилиб, ажрим ёқасига келиб қолган 507 та оила яраштирилган.
Бироқ бу натижалар соҳадаги барча муаммолар бартараф этилганини англатмайди. Аксинча, статистик кўрсаткичлар профилактика ишларини янада кучайтириш ва мавжуд ёндашувларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.
2026 йилнинг тўққиз ойида вилоятда 1 284 та оилавий ажрим қайд этилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 136 тага ёки қарийб 11,8 фоизга кўп. Ҳудудлар кесимида эса Гулистон шаҳрида 93 та, Оқолтин туманида 23 та, Сирдарё туманида 14 та, Янгиер шаҳрида 10 та ва Ховос туманида 9 та ажримга ўсиш кузатилган.
Ажримларнинг 927 таси суд қарорлари асосида, 357 таси эса ФҲДЁ органлари орқали расмийлаштирилган. Яна бир эътиборли жиҳат — ажрашган оилаларнинг 346 таси 30 ёшгача бўлган ёшлар ҳиссасига тўғри келади. 401 та оилада эса никоҳнинг дастлабки беш йилидаёқ ажрим қайд этилган.
Бу рақамлар ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, никоҳдан кейинги дастлабки йилларда уларни ижтимоий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш зарурлигини англатади. Чунки оилавий муносабатлардаги келишмовчиликлар кўпинча бир кунда юзага келмайди. Ўзаро тушуниш, масъулият, сабр-тоқат ва мулоқот маданияти етишмаслиги вақт ўтиши билан жиддий низоларга сабаб бўлиши мумкин.
[gallery-32506]
Муҳокамаларда ажримларга олиб келаётган омиллар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Улар орасида фарзандсизлик, учинчи шахсларнинг оилавий муносабатларга аралашуви, меҳнат миграцияси, моддий қийинчиликлар, хиёнат, оилавий ҳаётга тайёргарликнинг етарли эмаслиги, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари борлиги қайд этилди.
Шу боис профилактика ишларини фақат ажрим ҳақида ариза берилганидан кейин бошлаш билан чекланиб бўлмайди. Бу жараён ёшлик давридан, таълим-тарбия босқичидан бошланиши, никоҳга тайёргарлик ва оилавий ҳаётнинг илк йилларида изчил давом эттирилиши лозим.
Шу нуқтаи назардан, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасаларида оила муқаддаслиги, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ота-оналик масъулияти, ўзаро ҳурмат ва соғлом муносабатлар маданиятини шакллантиришга қаратилган тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Эрта никоҳ, эрта ҳомиладорлик ва ёшларнинг оилавий ҳаётга руҳий ҳамда ижтимоий жиҳатдан тайёр эмаслиги билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш масалалари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Бу борада муаммоларни чуқур ўрганиш, уларнинг сабаб ва оқибатларини таҳлил қилиш, илмий-амалий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари Наргиза Тожибоева оилаларни қўллаб-қувватлаш, ажримларнинг олдини олиш ва бу борада барча мутасадди идоралар ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига тўхталди.
Шунингдек, суд органлари вакили Шерзод Исмоилов, ФҲДЁ органлари вакили Гулҳаё Расулова ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили Шаҳло Хўжаева ўз йўналишлари бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Хусусан, суд ва ФҲДЁ маълумотларини ўзаро солиштириш, ажримларнинг ҳақиқий сабабларини аниқлаш, эрта никоҳ ва эрта ҳомиладорликнинг олдини олишда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги муҳокама қилинди.
Вилоятдаги 76 та маҳаллада ажримлар сони кўпайгани ҳам ушбу ҳудудларда профилактика ишларини манзилли ташкил этиш, ҳар бир оиланинг ижтимоий ҳолати ва муаммоларини алоҳида ўрганиш зарурлигини кўрсатмоқда. Бунда умумий тарғибот тадбирларидан кўра, муайян оиланинг эҳтиёжига мос ёндашув ва амалий ёрдам самарали бўлиши таъкидланди.
Муҳокамалар якунида оилавий ажримлар кўпайишига сабаб бўлаётган омилларни чуқур таҳлил қилиш, «Андижон тажрибаси»ни ҳудудларда самарали татбиқ этиш, масъул идоралар ўртасида тезкор маълумот алмашинувини йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Энг муҳими, ҳар бир ташкилотнинг вазифаси ва масъулиятини аниқ белгилаш ҳамда белгиланган чора-тадбирлар ижросини назоратга олишга келишиб олинди.
Энг муҳими, мустаҳкам оила — фақат икки инсоннинг бахти эмас, балки соғлом авлод, барқарор маҳалла ва фаровон жамиятнинг ҳам асосидир. Уни асраш эса муаммо юзага келгандан кейин эмас, балки унинг илк белгиларини сезган пайтдан бошланиши керак.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА