Сунъий интеллект бўйича интенсив курс ташкил этилди
Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги доирасида Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси Кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамкорлигида давлат хизматчилари учун сунъий интеллект саводхонлиги бўйича интенсив курс ташкил этилди.
Ўқув машғулотлари вилоят педагогик маҳорат марказида олиб борилмоқда. Унда давлат ташкилотлари раҳбарлари, мутахассислари ва ижрочи ходимлари иштирок этишмоқда.

Дастурдан сунъий интеллект технологияларини хизмат фаолиятида қўллаш билан бир қаторда, кибержиноятларнинг олдини олиш, интернет фирибгарликларидан ҳимояланиш, шахсий маълумотлар ва электрон ҳисоблар хавфсизлигини таъминлашга оид мавзулар ҳам ўрин олган.

— Бугунги кунда сунъий интеллект шунчаки замонавий технология эмас, балки меҳнат самарадорлигини ошириш, вақт ва ресурсларни тежаш, маълумотларни тезкор таҳлил қилиш ҳамда бошқарув қарорларининг сифатини яхшилашга хизмат қиладиган муҳим воситага айланмоқда. Ҳар бир соҳа вакили, айниқса, давлат ташкилотлари ходимлари ушбу технологиялардан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлиши зарур. Шу билан бирга, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлиги, маълумотларнинг ишончлилиги ва инсон масъулияти устувор бўлиб қолиши керак. Зеро, бу технологиялардан самарали фойдаланиш ишга янгича ёндашиш, вақтни тежаш ва натижадорликни ошириш имконини беради, — дейди вилоят педагогик маҳорат маркази раҳбари Гуласал Бердалиева.

Саккизта амалий модулдан иборат курсда иштирокчилар ChatGPT, Gemini ва Claude моделларининг имкониятлари, улар билан ишлаш ҳамда самарали сўровлар (промптлар) тузиш усулларини ўзлаштирмоқда.

Амалий машғулотларда хизмат ҳужжатлари ва ҳисоботларни тайёрлаш, маълумотларни таҳлил қилиш, визуал материаллар яратиш, шахсий ёрдамчиларни шакллантириш бўйича топшириқлар бажарилмоқда. Бу эса замонавий рақамли воситаларни кундалик иш жараёнига татбиқ этиш ва хизмат вазифаларини янада самарали ташкил қилиш имконини беради.

Мазкур ўқув курси давлат хизматчиларининг рақамли саводхонлигини ошириш, сунъий интеллект имкониятларидан хизмат фаолиятида самарали фойдаланиш ҳамда киберхавфсизлик талабларига риоя этиш кўникмаларини мустаҳкамлашга замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири