COP31 сув тақчиллигига ечим топа оладими?
Бир пайтлар Марказий Осиёнинг энг йирик сув ҳавзаларидан бири бўлган Орол денгизи бугун инсоният тарихидаги энг йирик экологик фожиалардан бирининг мисолига айланган. Унинг қуриши табиат мувозанатини издан чиқарди, миллионлаб инсонларнинг турмуш тарзи, саломатлиги ва иқтисодий имкониятларига ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Энг ачинарлиси, бу жараён ҳали-ҳануз давом этмоқда. Иқлим ўзгариши, сув ресурсларига талабнинг ортиши, музликларнинг қисқариши ва чўлланишнинг кучайиши эса минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Бугун Оролбўйи муаммоси фақат экологик масала эмас. У сув хавфсизлиги, озиқ-овқат таъминоти, иқтисодий барқарорлик ва минтақавий ҳамкорлик билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Анталиядаги БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонларининг 31-конференцияси – COP31 Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун муҳим аҳамият касб этади.
Орол денгизининг қуриши тасодифий табиий ҳодиса эмас, балки инсон фаолияти натижасида юзага келган экологик инқироз. XX асрнинг иккинчи ярмида совет иттифоқида пахта етиштиришни кескин кенгайтириш сиёсати Амударё ва Сирдарё сувларининг катта қисмини суғориладиган ерларга йўналтиришга сабаб бўлди. Натижада денгизга қуйиладиган сув миқдори кескин камайди.
Сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, ирригация тизимларидаги катта йўқотишлар ва очиқ каналлардаги буғланиш жараёнлари вазиятни янада оғирлаштирди. Бир пайтлар балиқчилик, сув транспорти ва қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудда денгиз чекина бошлади. Унинг ўрнида эса миллионлаб гектар майдонни эгаллаган шўрхок ва қумли ҳудудлар пайдо бўлди.

Қуриган денгиз тубидан кўтарилаётган туз, чанг ва турли кимёвий моддалар шамол орқали узоқ масофаларга тарқалмоқда. Бу эса тупроқ унумдорлигининг пасайиши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оролбўйида юзага келган экологик вазиятнинг яна бир мураккаб жиҳати шундаки, денгизнинг қуриши ҳудуд иқлимига ҳам таъсир ўтказди. Ҳароратнинг мавсумий кескинлашуви, ёзнинг янада иссиқ ва қуруқ келиши, ёғингарчилик режимининг ўзгариши минтақада яшаш шароитларини мураккаблаштирмоқда. Демак, Орол фожиасининг оқибатлари фақат денгизнинг йўқолиши билан чекланмайди. Бу бутун бир минтақанинг экологик, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига таъсир кўрсатаётган узоқ муддатли инқироздир.
Оролбўйидаги экологик муаммолар бугун глобал иқлим ўзгариши билан янада мураккаб тус олмоқда. Ўзбекистон учун ҳисобланган иқлим ўзгаришлари интенсивлиги индекси мамлакатимиздаги бу жараёнлар суръати ўртача жаҳон даражасидан уч баравар юқори эканини кўрсатади. Қашқадарёда бу кўрсаткич 3,5 баравар, Қорақалпоғистонда эса 4,5 бараварга етади. Бу рақамлар мамлакатимиз, айниқса, Оролбўйи ҳудуди иқлим ўзгаришлари таъсирига нақадар заиф эканини кўрсатади.
Бугун ёғингарчиликнинг йил давомида тақсимланиши ўзгармоқда, ёзги қурғоқчилик даври узаймоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги, саноат ва аҳоли эҳтиёжлари учун сувга талаб ортмоқда. Айни пайтда мавжуд сув захиралари эса бундай талабни қондириш имкониятини тобора йўқотмоқда.
Муаммонинг яна бир муҳим жиҳати Марказий Осиёнинг асосий сув манбалари бўлган Тян-Шан ва Помир тоғларидаги музликлар билан боғлиқ. Ушбу тоғ тизмалари Амударё ва Сирдарёнинг йиллик оқимининг қарийб 75 фоизини таъминлайди. Демак, музликларнинг қисқариши бутун минтақанинг сув хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, 1957–2020 йиллар давомида Ўзбекистон ҳудудидаги Пскем, Шоҳимардон, Қашқадарё ва Сурхондарё дарё ҳавзаларидаги музликлар ҳажми жами 2,024 куб километрга ёки дастлабки ҳажмнинг 32 фоизига қисқарган.
Бу жараённинг оқибатлари келажакда янада яққол намоён бўлиши мумкин. Чунки музликлар сув оқимининг табиий тартибга солувчиси ҳисобланади. Уларнинг қисқариши дастлаб дарёлардаги сув ҳажмининг вақтинча ортишига олиб келиши мумкин, бироқ узоқ муддатда сув билан таъминланиш имкониятлари камаяди.
Хисоб-китобларга кўра, 2040 йилга бориб Орол денгизи ҳавзасидаги йиллик сув ресурслари тақчиллиги икки баравар ошиб, 20 миллиард куб метрга етиши мумкин. Бу эса ичимлик суви таъминоти, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, гидроэнергетика ва умуман минтақа иқтисодиёти учун жиддий хавф туғдиради.
Айнан шундай шароитда 9–20 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилаётган COP31 конференциясининг аҳамияти ортади. БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси доирасида ташкил этиладиган ушбу халқаро анжуман дунё мамлакатларини иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, унинг оқибатларига мослашиш, экологик молиялаштириш ва барқарор ривожланиш масалалари юзасидан бирлаштиради.
Мустақил эксперт Вадим Цоколов ҳам COP конференцияларининг аҳамиятини айнан шу икки жиҳат билан изоҳлайди. Унинг таъкидлашича, бир томондан, иқлим ўзгаришларига мослашиш масалаларини алоҳида давлатлар доирасида ҳал этиш имконсиз бўлгани учун бундай анжуманлар дипломатик музокаралар майдони вазифасини бажаради. Иккинчи томондан эса улар тажриба алмашиш, инновацион ечимларни излаш ва зарур молиявий ресурсларни жалб қилиш имкониятини яратади.
Айниқса, Марказий Осиё учун бу масаланинг аҳамияти янада юқори. Чунки минтақадаги асосий сув манбалари трансчегаравий хусусиятга эга. Шу сабабли сув ресурсларини бошқаришда мамлакатларнинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олиш, маълумот алмашиш ва узоқ муддатли келишувларга эришиш зарур.
COP31 доирасида Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар ҳам айнан шу мақсадга қаратилган. Жумладан, 2026–2036 йилларни Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича Амалий ҳаракатлар ўн йиллиги деб эълон қилиш таклифи минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Ташаббус доирасида минтақа мамлакатларида ҳар йили Сув ҳафталикларини ташкил этиш, Самарқанд шаҳрида эса ҳар икки йилда бир марта Бутунжаҳон сувни тежаш форумини ўтказиш назарда тутилмоқда.
Бунинг аҳамияти шундаки, сув муаммосини фақат сув хўжалиги ташкилотлари ёки давлат раҳбарлари даражасида муҳокама қилиш билан чекланиб бўлмайди. Бу жараёнга фермерлар, саноат корхоналари, олимлар, муҳандислар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик ҳам жалб этилиши лозим. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган «Келажак суви» минтақавий дастури ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
Дастур фермерлар, агрокластерлар ва саноат корхоналарида сувни тежаш тизимларини жорий этиш, сувни етказиб бериш ва ундан фойдаланишда замонавий технологияларни қўллаш, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган. Бунда ҳар бир фермернинг сув сарфини ҳисобга олиши, ҳар бир корхонанинг ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириши ва ҳар бир фуқаронинг сувни қадрлаши умумий экологик хавфсизликнинг муҳим таркибий қисмига айланиши зарур.
Орол денгизининг қуриши инсониятга табиат қонуниятларини менсимаслик қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатган аччиқ сабоқдир. Бугун эса Марказий Осиё олдида мавжуд сув ресурсларини сақлаб қолиш, иқлим ўзгаришларига мослашиш ва келажак авлодлар учун экологик хавфсиз муҳит яратиш каби яна бир муҳим синов турибди.
COP31 Ўзбекистон учун ушбу вазифаларни халқаро кун тартибига олиб чиқиш, ҳамкорлар билан янги келишувларга эришиш, инновацион технологиялар ва молиявий ресурсларни жалб этиш имконияти. Бироқ, унинг ҳақиқий қиймати музокаралар сони ёки қабул қилинган декларациялар билан эмас, балки улардан кейин қандай амалий ишлар бошланганида намоён бўлади. Зеро, Оролбўйи учун вақт аллақачон энг муҳим ресурсга айланган. Сувни тежаш, табиатни тиклаш ва экологик хавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳар бир кечиктирилган қарор эртанги кун учун янада катта муаммоларни юзага келтириши мумкин.
Малика Собирова, Ҳилола Искандарова, Умида Исроилова
Жаҳон иқтисодиёти ва
дипломатия университети магистрантлари
ЎзА