Сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш – шу куннинг муҳим талаби
Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган ҳозирги даврда сунъий интеллект нафақат ишлаб чиқариш ёки ахборот технологиялари соҳасининг, балки замонавий бошқарув тизимининг ҳам муҳим воситасига айланмоқда. Бугун рақобат устунлигига эришиш раҳбарнинг қанчалик тез қарор қабул қилиши билан эмас, балки маълумотларни таҳлил қилиш, инновацион ёндашувларни қўллаш ва сунъий интеллект имкониятларидан қай даражада самарали фойдалана олиши билан белгиланмоқда.
Юртимизда ҳам давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Айниқса, раҳбар кадрларнинг рақамли компетенцияларини ошириш бу жараённинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ана шу мақсадлардан келиб чиқиб, BMB Holding ҳамда унинг тизимидаги Тошкент ва Жиззах шаҳарларида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларнинг 100 нафардан ортиқ раҳбар ходими учун “Раҳбарлик ва бошқарув фаолиятида сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Мазкур ўқув машғулотини BMB Holding Таъсисчилар кенгаши раиси маслаҳатчиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Адҳам Бекмуродов олиб борди.
Семинарда раҳбарлик фаолиятида сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланишнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, стратегик режалаштириш, маркетинг таҳлиллари, бизнес жараёнларини оптималлаштириш, ҳужжатлар айланмаси, корпоратив коммуникациялар ҳамда меҳнат унумдорлигини оширишда AI ечимларини қўллаш бўйича замонавий ёндашувлар атрофлича муҳокама қилинди.

Иштирокчиларга турли сунъий интеллект платформаларининг имкониятлари амалий мисоллар орқали намойиш этилиб, улардан кундалик бошқарув фаолиятида самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар берилди. Бу эса раҳбарларга назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш имконини яратди.
Тадбир интерактив мулоқот руҳида ўтди. Раҳбарлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисдан атрофлича жавоб олди, бошқарув жараёнларида сунъий интеллект воситаларини жорий этиш бўйича ўзаро фикр ва амалий тажриба алмашди.
Бугунги кунда мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани ҳам бежиз эмас. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14-октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан соҳани тизимли ривожлантиришнинг янги босқичи бошланди. Ҳужжатда давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларига сунъий интеллектни кенг жорий этиш, рақамли инфратузилмани такомиллаштириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда аҳолининг мазкур соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш устувор вазифалар этиб белгиланган.
Мазкур стратегия доирасида сунъий интеллект технологиялари асосида янги дастурий маҳсулотлар яратиш, давлат хизматларида интеллектуал ечимлар улушини кенгайтириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, “катта маълумотлар” инфратузилмасини шакллантириш ҳамда кадрлар салоҳиятини юксалтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
BMB Holdingда ташкил этилган мазкур ўқув семинари ҳам ана шу давлат сиёсатининг амалий ифодаси сифатида эътиборга лойиқ. Зеро, рақамли трансформация аввало инсон капитали, замонавий билим ва инновацион фикрлашга таянади. Сунъий интеллект имкониятларини чуқур ўзлаштирган раҳбар эса корхона фаолияти самарадорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва рақобатбардош бошқарув тизимини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Шу маънода, BMB Holdingда йўлга қўйилган бундай амалий ўқувлар раҳбар кадрларнинг рақамли компетенцияларини мустаҳкамлаш, корпоратив бошқарувга инновацион ёндашувларни кенг татбиқ этиш ҳамда замон талабларига жавоб берадиган бошқарув маданиятини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири