“Ҳалоллик марафони: 3 соҳа – 1 тамойил” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди
Кеча “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамиятида эълон қилинган “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси билан имзоланган Меморандумда белгиланган ҳамкорлик йўналишлари асосида “Ҳалоллик марафони: 3 соҳа – 1 тамойил” мавзусида очиқ мулоқот шаклида ўтказилди.
Тадбир “Адолат” социал-демократик партияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Судялар ассоциацияси, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда “Ўзбек геология қидирув” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.
Очиқ мулоқотда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда жамият ходимлари иштирок этди.

Тадбир давомида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Ойдин Абдуллаева, Ўзбекистон Судялар ассоциацияси раисининг ўринбосари Файзулла Абдуазимов, Ички ишлар вазирлиги Академияси профессори, полковник Шариф Қобилов, “Ўзбек геология қидирув” АЖ бош муҳандиси ўринбосари Бектош Эшмурзаев, жамият Коррупцияга қарши ички назорат хизмати бошлиғи Додохон Саидахборов ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бош мутахассиси Азизжон Мерджалиловлар маърузалари билан иштирок этди.

Маърузаларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назоратининг аҳамияти, одил судловнинг адолатли жамиятни шакллантиришдаги ўрни, ҳалоллик ва коррупцияга муросасиз муносабатни қарор топтириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва устувор вазифалар атрофлича ёритилди.
Шунингдек, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимида коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ҳамда соҳада коррупцияга қарши курашиш борасида эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди. Очиқ мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, мавзу юзасидан фикр ва таклифларини билдирдилар.

Тадбир якунида жамият ходимлари ўртасида коррупцияга оид тушунча ва атамалар бўйича билимларни синовдан ўтказиш мақсадида савол-жавоб ҳамда билимлар синови ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай тарғибот тадбирлари ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, меҳнат жамоасида ҳалоллик, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Зеро, коррупцияга қарши курашиш фақатгина алоҳида ташкилотларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаро ва жамоанинг умумий масъулиятидир.


“Ўзбек геология қидирув” АЖ
Ахборот хизмати