Аҳолига ажратилган газ —шахсий манфаат учун эмас!
Бир кунда аниқланган 1 160 килограмм суюлтирилган газ 58 та хонадоннинг бир ойлик эҳтиёжини таъминлаши мумкин эди.
Юртимизда, айниқса, табиий газ тармоғи етиб бормаган ҳудудларда аҳолини суюлтирилган газ билан барқарор таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат томонидан газ ва газ баллонлари ўз вақтида ажратилишига қарамай, айрим шахслар аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилган ресурслардан шахсий манфаат йўлида фойдаланишга уринмоқда.
ДХХ, ИИВ, ФВВ, «Ўзэнергоинспекция» ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ходимлари иштирокида ўтказилган назорат тадбирлари давомида шундай ҳолатлар фош этилди.
Биргина 9 ноябрь куни ўтказилган тадбирларда 7 та ҳолатда ушбу маҳсулот солинган 249 та газ баллони тижорий нархда сотиш мақсадида ноқонуний сақланаётгани аниқланди.
Ачинарлиси, аниқланган ҳолатлар орасида газ таъминоти тизимининг айрим ходимлари билан боғлиқ қонунбузилишлар ҳам бор. Хусусан:
Қорақалпоғистон Республикасида «Амударё тумангаз» бўлими суюлтирилган газ хизмати чилангари 104 та газ баллонини тегишли ҳужжатларсиз, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда сақлаб келгани аниқланган.
Сурхондарё вилоятида «Шерободтумангаз» таъминоти бўлими ҳайдовчиси ўз яшаш хонадонида 25 та газ баллонини сақлагани қайд этилган.
Тошкент вилоятида «Қуйичирчиқ тумангаз» бўлими газ тўлдириш шохобчасининг газ баллон тўлдирувчиси томонидан 3 та газ баллони сақлангани аниқланган.
Қонунбузилишлар фақат тизим ходимлари фаолиятида кузатилмаган.
Наманган шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс кейинчалик аҳолига сотиш мақсадида ўз уйида 20 та газ баллонини сақлаган.
Қашқадарё вилояти Касби туманида яшовчи, 1974 ва 1996 йилларда туғилган икки нафар фуқаронинг хонадонларида жами 92 та газ баллони ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда сақлангани қайд этилган.
Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган шахс маҳалла ҳудудидаги умумий овқатланиш шохобчасида газ идораларига тегишли, аҳоли учун ажратилган 5 та газ баллонидан ноқонуний фойдалангани ҳужжатлаштирилган.
Бу рақамлар ортида оилаларнинг кундалик эҳтиёжи турибди. Аҳолига ажратилган газни ноқонуний сақлаш, қиммат нархда сотишга уриниш ёки бошқа мақсадларга йўналтириш унинг белгиланган истеъмолчиларга етиб боришига тўсқинлик қилади.
Газ баллонларини хавфсизлик талабларига зид равишда тўплаш эса ёнғин ва портлаш хавфини ошириб, оила аъзолари, қўшнилар ва атрофдаги фуқаролар ҳаётига таҳдид туғдиради.
Аҳоли учун ажратилган ресурс ўз манзилига етиб бориши шарт. Бунга эришишда масъул идоралар назорати билан бирга фуқароларнинг эътибори ва дахлдорлиги ҳам муҳим.
Бефарқ бўлманг! Газ баллонларининг шубҳали савдоси, ноқонуний тўпланиши, хавфли шароитда сақланиши ёки аҳолига ажратилган газдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, ДХХ “Call-markaz” нинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади. Сизнинг ўз вақтида берган хабарингиз аҳоли ҳақини ҳимоя қилишга, қонунбузилиш ва эҳтимолий фожианинг олдини олишга хизмат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 октябридан буён республика бўйича 370 та ҳолатда жами 9 455 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланган. Улардаги суюлтирилган газ миқдори 102 158 килограммни ташкил этган.
ЎзА