Дрон нишонни ўзи топади: Германия янги қуролни текширмоқда
Германия ҳарбийлари Литвада портловчи модда билан жиҳозланадиган учувчисиз учоқ ва сунъий интеллект асосида нишонни аниқлаш технологиясини кўрикдан ўтказяпти. Синов учун Беларусь чегараси яқинидаги Руднинкай ҳарбий дала майдони танланган. Шу тариқа НАТО шарқий қанотини ҳимоя қилиш салоҳиятини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракат доирасидаги навбатдаги қадам ташланди.
Машғулотга жалб этилган, “Helsing ва Stark Defence” компаниялари ишлаб чиққан дрон ҳавода маълум вақт айланиб, нишонни аниқлайди ва сўнгра зарба беради. Машқ пайти қурилма шартли зирҳли техника воситаси шаклидаги нишонга қарши қўлланди. Фақат портловчи модда ўрнига хавфсиз нусхадан фойдаланилди. Шунингдек, компаниянинг “Clarity” дастури ҳам текширилиб, турли кузатув манбаларидан келган маълумот таҳлил қилинди. Бу нишонни аниқлаш ва вазиятни тезроқ баҳолашга ёрдам беради.
Амалиёт НАТО таркибидаги 8 давлат қатнашаётган “Freedom Shield” ҳарбий машғулоти дастуридан ўрин олган. ГФР Литвада 45-танк бригадасини ҳам жойлаштирмоқда. Қарийб 5 000 ҳарбий ва фуқаролик ходимидан иборат ушбу тузилма 2027 йилгача тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилиши кўзда тутилган. Ҳали янги қурол ва технологиянинг амалий самарадорлиги баҳоланиши лозим. Зеро, дрон электрон халақит берувчи восита ёки ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими таъсирида ишдан чиқиши ҳам мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА