Ҳиндистон Непалга 1,62 миллиард долларлик ёрдам ажратади
Ҳиндистон Непалга 240 миллиард рупий – 1,62 миллиард доллар миқдорида иқтисодий ёрдам ажратади. Бу ҳақда Бош вазир Нарендра Моди душанба куни Нью-Деҳлида ҳамкасби Балендра Шоҳ билан учрашувдан сўнг маълум қилди.
Мазкур ёрдам август ойида кузатилган, тахминан 1 500 киши ҳалок бўлган, 5 200 одам йўқолган вайронкор сув тошқинидан жабрланган ҳудудларни тиклаш ва мамлакатнинг табиий офатга тайёргарлигини кучайтиришга йўналтирилади.
Моди мазкур ташаббусдан кўзланган мақсад жабрдийда оилалар ҳаётини тиклаш, янги иқтисодий имконият яратиш ва Непалнинг узоқ муддатли ривожланишига кўмаклашиш эканини таъкидлади.
Шоҳ фожиа туфайли кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдириб, ҳинд сармоядорларини мамлакатида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга чақирди.
Учрашувда ўзаро иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш бўйича келишувлар имзоланди. Шунингдек, икки давлатни боғловчи темир йўл қатнови ишга туширилди. Эслатиб ўтамиз, 26 август куни Непалнинг Хитой билан чегара ҳудудида музлик емирилиши кучли сув тошқинига сабаб бўлган. Оқибатда қишлоқлар, йўл ва кўприклар вайрон бўлган, жуда кўп уй лой остида қолган.
Ўшанда Ҳиндистон биринчи бўлиб жабрланган ҳудудларга бир неча самолётда инсонпарварлик ёрдами юборди, узилган алоқа тармоғини тиклашга кўмаклашди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА