Стол тенниси: Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган спортчилар рағбатлантирилади
Ўзбекистон стол тенниси федерацияси томонидан Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинлари йўлланмаларини қўлга киритиш дастури ишлаб чиқилди.
Мамлакатимиз спортчиларининг яна икки йилдан сўнг Америка Қўшма Штатларининг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинларида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига зарур шарт-шароитлар яратиш устувор вазифалардан бири саналади.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, тайёргарликнинг аниқ мезонлари белгилаб берилган.

Куни кеча мазкур қарор асосида келгуси йил мамлакатимиз стол теннисчилари учун Олимпиада йўлланмаларига эга чиқишнинг муҳим даври эканлигидан келиб чиқиб, “2027 - янги стратегия, янги имкониятлар ва янги мақсадлар йили”, дея белгиланди.

Шу мақсадда, Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига керакли йўлланмаларни олиш мақсадида 2027 йилга мўлжалланган янги ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди.
Унга кўра, келаётган йилда юртимиз стол теннисчилари учун Олимпия йўлланмаларига эга чиқишнинг иккита йўналиши бўлган халқаро рейтингдан муносиб ўринларни эгаллаш ҳамда минтақавий саралаш босқичларида юқори натижаларга эришиш йўлида 32 та халқаро мусобақаларда, 5 та халқаро ўқув-машғулот йиғинларида, 10 та Про тур ўйинларида ҳамда мамлакатимизда ташкил этиладиган 12 та Ўзбекистон кубоги ва чемпионатларида юқори натижалар қайд этилиши кўрсатиб ўтилди.
Бу йўлда юқори кўрсаткичларни қайд этган стол теннисчилар эришган натижалари орқали Ўзбекистон стол тенниси федерацияси томонидан молиявий қўллаб-қувватланиши назарда тутилмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА