Соҳил футболи: Ўзбекистон терма жамоаси бугун БАА билан ўйнайди
Бугун, 21 ноябрь куни Таиландда соҳил футболи бўйича давом этаётган XII Осиё кубоги гуруҳ баҳсларининг 2-турида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Бирлашган Араб Амирликлари жамоаси билан куч синашади.
Осиё Кубоги–2026 мусобақасининг ортда қолган 1-тур ўйинларида “Б” гуруҳида Афғонистон жамоасини 9:2 ҳисобида мағлуб этган Эрон, Ветнам жамоасини 3:2 кўринишида таслим этган Ливан, “C” гуруҳида ҳамюртларимиздан 9:0 ҳисобида устунликка эришган Ўмон жамоалари муваффақиятга эришган бўлса, БАА ва Саудия Арабистони қарама-қаршилигидаги баҳсда томонлар (3:3) муроса йўлини танлади. Ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди ва унда саудияликлар 3:2 ҳисобида ғалабага эришди.
Шу тариқа “Б” гуруҳида Эрон ва Ливан, “C” гуруҳида эса Ўмон ҳамда Саудия Арабистони терма жамоалари дастлабки турда ғалаба қозонишди.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, соҳил футболи бўйича Осиё кубоги мусобақалари 12 марта ўтказилган. Дастлабки тўртта мусобақа Бирлашган Араб Амирликларида, бир марта Ўмонда, икки марта Қатар ҳамда Малайзияда, кейин кетма-кет тўрт марта Таиландда ташкил этилган.

Соҳил футболи бўйича Эрон терма жамоаси 4 марта Осиё чемпионлигини қўлга киритган. Япония 3, Бирлашган Араб Амирликлари 2, Ўмон ва Баҳрайн терма жамоалари бир мартадан ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси соҳил футболи бўйича қитъа биринчилигида 6 та финал босқичида қатнашиб, 21 та учрашувда майдонга тушган. Шундан 5 тасида ғалаба, 16 та баҳсда рақибларига имкониятни бой берган. Осиё кубогида қатнашган барча терма жамоалар орасида Ўзбекистон ҳозирда умумий рейтингда 10-ўриндан жой олган.
Кеча Осиё кубоги–2026 мусобақасининг 2-турига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА жамоаси билан учрашув олдидан назарий ва амалий машғулотларни ўтказди.

Машғулотлар давомида Ўмон жамоасига қарши 1-тур учрашувида йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди. Шунингдек, БАА терма жамоасининг дастлабки турдаги ўйини таҳлил қилиниб, бўлажак баҳс учун тактик кўрсатмалар ишлаб чиқилди.
Айтиш лозимки, қитъа кубогининг гуруҳ ўйинлари 24 ноябрга қадар давом этади. Плей-офф босқичи ўйинлари 25 ноябрда бошланади. Гуруҳларда дастлабки иккита ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда энг яхши кўрсаткичга эришган 2 та 3-ўринни эгаллаган терма жамоалар чорак финалга йўл олади. Ярим финал ўйинлари 27 ноябрь, 3-ўрин ва финал баҳси 28 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳдаги сўнгги ўйинни 23 ноябрь куни Саудия Арабистони жамоасига қарши ўтказади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА