Спортчилардан антидопинг аниқланди
Оғир атлетика бўйича ташкил этилган Ўзбекистон кубоги доирасида ўтказилган антидопинг текшируви натижасида икки нафар спортчидан олинган допинг-синамаларда тақиқланган моддалар аниқланди.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги хабарига кўра, катталар ва ёшлар ўртасида ўтган Ўзбекистон кубоги мусобақасида Комилжон Ибрагимов ва Муслимбек Турсунбоевдан допинг-синамалар олинган.
Таҳлил натижасида Ибрагимовнинг синамасида фуросемид, Турсунбоевдан эса метенолон (metenolone) — анаболик-андроген стероид аниқланган.
Мазкур моддалар Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг 2026 йилги тақиқланган моддалар ва усуллар рўйхатига киритилган бўлиб, мазкур модалардан спортчилар мусобақа вақтида ҳам, мусобақадан ташқари даврда ҳам фойдаланиш тақиқланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Текширувлар якунланиб, тегишли қарор қабул қилингач, Миллий антидопинг агентлиги расмий баёнот тақдим этишини билдирган.
Т.Рўзиев,
ЎзА