Олимпиадага тайёргарлик бир ёки икки мусобақа билан чекланадиган жараён эмас
Спорт — нафақат соғлом авлод тарбияси, балки юртнинг халқаро майдондаги нуфузини намоён этувчи муҳим мезонлардан бири. Айниқса, енгил атлетика каби спортнинг бир қатор турларини қамраб олувчи йўналишларда ёш истеъдодларни эрта аниқлаш, улар учун муносиб шарт-шароит яратиш ва юқори натижаларга йўналтириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Божхона қўмитаси Раисининг ўринбосари О. Чориев ҳамда Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъулларининг Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг Бухоро вилояти бўлимига ташрифи спортчилар учун яратилган шароитлар, мавжуд имкониятлар ва соҳада эришилаётган натижаларни атрофлича ўрганишга қаратилди.
Ташриф давомида раис ўринбосари спорт мажмуасининг моддий-техник базаси, машғулотлар учун яратилган шароитлар, спортчиларнинг тайёргарлик жараёни ҳамда мураббийлар фаолияти билан яқиндан танишди. Халқаро ва республика миқёсидаги мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ёш атлетлар билан самимий мулоқот ўтказиб, уларнинг спортдаги мақсад ва интилишлари тинглади.
Бугун Бухоро вилоятида енгил атлетика спортини ривожлантириш борасида муайян натижалар шаклланганини рақамлар ҳам яққол кўрсатмоқда.Айни пайтда вилоятдаги спорт таълим муассасаларида 1 499 нафар ёш енгил атлетика билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг 487 нафари қизлар экани спортнинг нафақат оммавийлигини, балки ёшлар, хусусан, қизлар ўртасида ҳам ушбу спорт турига қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади.
Ёш спортчиларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришда малакали мураббийларнинг ўрни беқиёс. Бугунги кунда 68 нафар малакали тренер 159 та машғулот гуруҳида спортчиларни тайёрламоқда. Бу эса натижа ортида тизимли меҳнат, кундалик машғулот ва профессионал ёндашув мужассам эканини англатади.

Эътиборлиси, 2026 йил натижадорлик кўрсаткичларига кўра, 35 нафар бухоролик атлет миллий терма жамоа таркибидан жой олган. Бу кўрсаткич Бухорода енгил атлетиканинг нафақат оммавийлашиб, балки юқори спорт натижаларига йўналтирилаётганини ҳам кўрсатмоқда. Натижаларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2025 йилда республика миқёсидаги мусобақаларда бухоролик спортчилар 50 та медални қўлга киритган. “Президент Олимпиадаси”да эса 10 та медаль жамғарилган. Бу рақамларнинг ҳар бири ортида ёш спортчининг машаққатли меҳнати, мураббийнинг изланиши ва оила ҳамда жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши бор. Шу боис мазкур натижаларни нафақат бугунги ютуқ, балки эртанги катта ғалабалар учун мустаҳкам пойдевор сифатида баҳолаш мумкин.
Учрашувда 2028 йилда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, енгил атлетиканинг 8 та йўналиши бўйича сараланган истиқболли спортчиларнинг тайёргарлик ҳолати, уларнинг олдида турган вазифалар, машғулот жараёнини янада такомиллаштириш имкониятлари ва мавжуд эҳтиёжлар юзасидан фикр алмашилди.
Зеро, Олимпиадага тайёргарлик бир ёки икки мусобақа билан чекланадиган жараён эмас. Бу — спортчининг жисмоний ва руҳий тайёргарлиги, мураббийнинг тажрибаси, замонавий машғулот усуллари, зарур инфратузилма ҳамда мунтазам қўллаб-қувватлашни талаб қиладиган узоқ муддатли ва тизимли жараёндир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири