Ўзбекистонлик сумо усталари Бокуда жаҳон чемпионлиги учун курашади
Сумо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтадиган XXVII жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетди.
Бугун, 16 октябрь куни жаҳон чемпионати олдидан мандат комиссиясининг йиғилиши, қуръа ташлаш маросимлари бўлиб ўтади.

Дунёнинг энг кучли сумо усталари иштирок этадиган мазкур жаҳон чемпионатининг ёшлар баҳсида ҳамюртимиз Адҳам Абдураимов −80 килограммда, мусобақанинг катталар баҳсида Хуршид Неъматов (−85), Ҳусниддин Ҳусанов (−115), Владислав Булигин (115+) ҳамда аёллар йўналишида Дурдона Абдужабборова (мутлақ вазн) ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Чемпионатнинг асосий беллашувлари 17–18 октябрь кунлари ўтказилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА